Get Mystery Box with random crypto!

Феврал ўтиб бормоқда Титроқ новдаларда уйғонар ҳаёт, Сарғайга | Oddiy fikrlar

Феврал ўтиб бормоқда

Титроқ новдаларда уйғонар ҳаёт,
Сарғайган қор каби эриб битар дард.
Яшил туйғулардан чайқаласан шод,
Феврал ўтиб борар, яқинлашар март.

Мусаффо руҳингни алқайди қушлар,
Майсалар — ҳаётнинг ширин тиллари,
Уйқунгни тўлдирар энг гўзал тушлар,
Ойнинг нурларини силар қўлларинг.

Кунларнинг чиройи очилиб борар,
Очилиб борасан кунлардай гўзал.
Икки фасл сенинг кўнглингга қарар,
Кўнглингни авайлаб қисқарар феврал.

Унинг ҳиммати кенг, токи сен борсан,
Йигирма саккиз кун танти сайёрга.
Кундан-кун гўзалсан ва бахтиёрсан,
Феврал бир жуфт кунин сочар баҳорга.

Ҳавасим сенгадир. Шодлик ортмоқда,
Сарғайган қор каби эриб кетар дард.
Менинг юрагимдан феврал ўтмоқда,
Сенинг юрагингга кириб борди март.

Эшқобил Шукур