Get Mystery Box with random crypto!

* * * Парвойим йўқ ҳозир хом, пухталарга, Унутдим дунёнинг н | Matnazar ABDULHAKIM | Матназар АБДУЛҲАКИМ

* * *

Парвойим йўқ ҳозир хом, пухталарга,
Унутдим дунёнинг нася, нақдларин…
Юракнинг олис бир нуқталарига
Қайтиб келаётир шоир вақтларим.

Аранг милтиллайди олисда овул,
Тим-тирс… илғанади безовта руҳлар.
Ойнакўл тушига киради довул,
Ҳар баргда бир шамол донг қотиб ухлар.

Ҳар лаҳза қаърига бекинган минг йил,
Сукунат ҳайқирар қутлуғ отингни.
Бутун борлиқ қаттиқ бириктирган тил
Сўндирмаслик учун ёдингни.

Мунаввар бир дастёр ёғдулар мулки,
Тиним билмайди ҳеч осмонда қуёш.
Нур таратар ёдинг — лабларда кулгу,
Ёғду сочар ёдинг — кўзлардаги ёш…

Матназар АБДУЛҲАКИМ

@M_Abdulhakim
https://t.me/joinchat/AAAAAFMinnToJEu--B39wQ