Get Mystery Box with random crypto!

Осима, Лайлаклар элчи — у ердан, Ҳув ана мезонлар, хабар олайл | тестинг

Осима,
Лайлаклар элчи — у ердан,
Ҳув ана мезонлар, хабар олайлик.
Паға-паға ёлқин, томчи-томчи ранг,
Ёғар бир ўлка бор, борақолайлик.

Кўнгил аросида фарёд тилкаси,
Армонлар тўсибди тиғ бахтимизни.
Қуш йўқ работларда кимнинг кўлкаси,
Эшитди мунграган суҳбатимизни.

Сен юлдуз париси тўфон буржида,
Мен қора туйнукда улоққан балки.
Уммондай оғриқдан синган гурзидай
Осмондай кенгликка сиғмайди шаклим.

Ўқишни билсанг гар Тақдир китобин,
Билиб бер, ишқ борми ўлмасдан бурун.
Сўраб бер, севгининг манзил туробин,
Жой борми, юзпора иккимиз учун.

Осима,
Лайлаклар қайтдилар ортга,
Адирлар қатига яшринди баҳор.
Тинмай ёғаяпти, биз йўқ ўлкада,
Паға-паға ёмғир, томчи-томчи қор.

Абдували Қутбиддин