Get Mystery Box with random crypto!

Ўзимман, ўзимман, бир ўзим, ўзим. Йиғаман, тўплайман, кета | тестинг

Ўзимман, ўзимман,
бир ўзим,
ўзим.
Йиғаман, тўплайман,
кетаман тўзиб.

Шаллақи соатга дўлайтириб мушт,
Қадимий арвоҳдай кезаман шаҳар.
Зулматга едирар этини кумуш,
Бетинга менгзайди бетини лаҳад.

Ўлимтик дарахтлар ҳайкалдай боқар,
Жонини авайлаб айланар кеча.
На қордан сўйлайди, на ёмғир ёғар,
Самонинг тилига чиққанми чечак?

Тасодиф излайман, кутаман фоже,
Тўсатдан бошимга ёприлса шарпа —
Бурдалаб-бурдалаб лохаслик тожин,
Эгнига ёпардим муборак сарпо

Суҳбати чарчатди суваракларнинг,
Овози ингичка лайчалар оҳи.
Камситмай узатган косаларига
Шароб қуяверар муқаддас Соқий.

Эй Соқий, севарим, сулувдан-сулув,
Девонам, сарварим, мабудам, хожа.
Юв, мени, оловли фоже билан юв,
Мурдашўй ғассолга қолмасин ҳожат.

Юв мени, толиқдим, тасаввурим бўш,
Кўзимда учқун йўқ, ғиж-ғиж кўмир бор.
Парчалаб юборса қўққисдан бир туш,
Йиғиб ололмасман ўзни умрбод.

Шаллақи соатга тушираман мушт,
Шарпалар кўлига ташлайман қармоқ.
Инига ғалвири сиғмас каламуш —
Тентирар шаҳарда қадимий арвоҳ!

Жонтемир