Get Mystery Box with random crypto!

Ўзбек санъати Дарз кетди санъатнинг устунларига, Лўттибоз нод | 18 _Quvnoq_latifalar

Ўзбек санъати

Дарз кетди санъатнинг устунларига,
Лўттибоз нодонлар саҳнага чиқди.
Истеъдод қулади йўқлик қаърига,
Фосиқлар пул учун қабрга тиқди.

Отарси пул топар оғзин ўйнатиб,
Жонли куйламоққа тополмайди куч.
Замона тўтини қўйди сўйлатиб,
Асллар қирилди, тириклари пуч!

Урғочи шайтондан олишиб қиёс,
Думбасин шишириб олган мегажин
Бугун “мега юлдуз” ўзича ифлос,
Дайюс эркаклар ҳам қараб турар жим.

Оғзидан оқади ахлат шашқатор,
Бир ёнда тиржаяр ҳезалак эрлар.
Ҳатто, кўтармоқдан этаётир ор,
Бундай нокасларни муқаддас ерлар.

Ўзини “энг зўр” деб атар бир каззоб,
Йўрғалаб чиқади минг бир мақомга.
Гўрида не буюк тортмоқда азоб,
Иснодлар келмоқда санъаткор номга.

Ўзбек санъатига тегдими лаънат,
Кўтарилди, ҳатто, хайр-у барака.
Эрта-кеч бир-бирин этади ғийбат,
Эрта-кеч бир-бирин қилар калака!

Бири шоҳ бўлмоқни этади хаёл,
Бири зўрлаб юрар нораста қизни.
Бири банги, бири – фоҳиша аёл,
Бири кўчирмачи, бириси ўғри.

Билмам, қай маҳалда келди бу бало,
Билмам, тегди экан кимнинг лаънати.
Бугун тубанликка бўлди мубтало,
Бугун оёқ ости ўзбек санъати!!!

Девонайи Ҳақгўй