2022-09-17 19:01:55
Янги ўқув йили олдидан…Ҳар қандай жамиятда баркамол авлодни вояга етказиш, тарбиялаш ва касбга йўналтириш сабр ва машаққат билан барпо бўлади. Бу машаққатли меҳнат узликсиз таьлим, тарбиявий жараёнлар натижасида юзага чиқади. Тарбия бу — ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида ташкил этиладиган педагогик фаолият. Мақсади наьмунали хулқ-атворли, қадриятларни ҳурмат қилгани ҳолда замон билан ҳамфикр бўлган келажак авлодни етиштириш. Соддароқ тилда айтсак, келажагимиз эгаларининг эртанги куни учун бугун қилишимиз керак бўлган вазифаларимиз. Биз вазифаларимизни қай даражада уддалаяпмиз?
Таьлим тизимида мактаб дарсликлари-ю, ўқитиш методларидан ташқари ҳам ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар бор. Масалан, бугунги кунда ўқитувчи шахси билан ўқувчи муносабатини қай даражада қониқарли дейиш мумкин? Ўқитувчи эрта тонгдан иш жойига шошилиб, соғиниб борадими? Уни мактабда ким ёки нима кутиб туради? Сўнгги 2 йилда ижтимоий тармоқларда тарқалган видео лавҳаларни эсга олайлик. Ўқитувчи ўқувчини урган, ўқувчи устозига қўл кўтарган,
деразадан сакраган, бошқалари телефонида видеога олган… Бундай нохуш вазиятларга ким ёки нима айбдор? Ечим нимада?
Уриш, калтаклаш албатта, нотўғри. Лекин танганинг иккинчи тарафи ҳам бор. Устозларни шу вазиятгача ким олиб келиб қўяётганини ҳам ўйлаб кўриш керакдир! Мактабга келган ўқувчи нима учун келганини биладими? Дарс давомида қўлидан замонавий телефон, қулоғидан қулоқчинлар тушмайдиган, мавзуга умуман бефарқ ўқувчига кимнинг дарс ўтгиси келади? Ўқувчи мактабга келганида “ўқувчи” вазифасида. У шу вазифани бажариши, билим олиши, катталарни ҳурмат қилиши шарт. Лекин ўқувчилар эмас, ота оналар ўқитувчини ҳурмат қилмайди ҳозир. Бепул таьлимдан фойдаланиб, илм олиш ўрнига, фанларни “керакли”, “кераксиз” га ажратишга уринишяпти. Педагог эса ота-оналардан илтимос қилади:
— Илтимос, ўғлингиз дарсга келсин!
— Илтимос, қизингизни олимпиадага юборинг!
— Илтимос, фарзандингиз паспорт олиши керак!
— Илтимос, олийгоҳга хужжат топширсин…
Уйидан, ишидан, оиласидан, шахсий муаммоларидан ортиб, ўқитувчи ўқувчилар учун ҳам яшайди! Ҳеч йўқ рахмат эшитса экан…
Қадрли ота-оналар! Фарзандингиз — сизнинг аксингиз. У сизни такрорлайди. Сизнинг вазифангиз ўқув йили бошида янги кийим, сумка олиб бериш билан тугаб қолмайди. Сиз уни эшитишингиз, гаплашишингиз, кунини — умрини нима билан ўтказаётганини билишингиз керак. Уни нима учун яшаётгани, орзу-мақсадлари ҳақида қизиқинг. 1 синфга юборган фарзандингиз 11 синфни тугатганидан кейин эсингизга тушмасин. Илми билан биргаликда тарбиясига ҳам жиддий ёндошинг. Чунки, Абдулла Авлоний айтганларидек: “Алхосил, тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё фалокат, ё саодат ё разолат масаласидир”.
69 views16:01