Get Mystery Box with random crypto!

ЙЎЛ Иброҳим Ҳаққу | ZEBOXON QOBILOVA KANALI

ЙЎЛ
Иброҳим Ҳаққулга

Мен бир умиддирман, Ҳақни тиловчи,
Қадамимда хатар, қилич бўйнимда...
Адоқсиз йўлларда ҳорғин йўловчи,
Кафаним эгнимда, қайғум қўйнимда.
Кўҳна бир дарвешдай боравераман...
Чақмоқлар гуллайди товонларимда.
Кўзларимда Уни кўравераман,
Чўққилар букилар довонларимда.
Тонглар кўксим тонгдай сокин ёрилар,
Тунлар ёриламан дор ва ўлимга.
Қақшаган кўзимда дарё тирилар,
Кафаним эгнимда, эрким кўнглимда..
Йўл қалтис, манзил-ку ёрдан-да йироқ,
Ёнғинлар талоши ичу тошимда.
Қанча суюклисан, суйгулим, бироқ,
Кафаним эгнимда, ўлим бошимда.
Кўнглимни қай тарзда баён этайин,
Абадий музликлар ёнар тафтимда.
Бошимни қай сори олиб кетайин,
Кафаним эгнимда, жоним кафтимда.
Наҳот қалблар энди темир каби жўн,
Наҳот туйғулар ҳам замон ўйнинда.
Кимга тилло камар, кимга зарбоф тўн,
Кафаним эгнимда, жандам кейнимда.
Йўқданми, Ҳақданми келар бир овоз,
Бир ҳаётга ўхшар, бир-да ўлимга.
Мен яна тонгларга чиқаман пешвоз,
Кафаним эгнимда, эрким кўнглимда.
То булбули таъбим* фиғони ортар,
Боғларни булғаган зоғлар қошинда.
Мени Маҳшар қадар бир қисмат кутар,
Кафаним эгнимда, қўлим бошимда.
Феврал, 2021


_____
*Нодирабегим ибораси

Эшқобил ШУКУР