Get Mystery Box with random crypto!

Абдулла Орипов СОҲИБҚИРОН Ҳар қанча фахр этсанг арзийди, ўзб | Shaxsiy kabinet

Абдулла Орипов

СОҲИБҚИРОН

Ҳар қанча фахр этсанг арзийди, ўзбек,
Балқибсан бир зотнинг юксак шонида.
Темурбек юлдузи олтин қозиқдек
Чарақлар буюклар каҳкашонида.

Во ажаб, ёлғиз бир Занжир саройнинг
Ўчини Ўрдадан ола билган зот.
Турон деб аталмиш каттакон жойнинг
Бағрига шунча йил сиғмабди, наҳот?!

Жаҳонни мўғиллар истилосидан
Қутқариб қололган барлосий ботир –
Қочолмай тақдирнинг тақозосидан
Фотиҳ деб ном олмиш ўзи ҳам охир.

Энг улуғ бинолар мужассам бўлмиш
Оламда тенги йўқ Самарқанд-ку бор:
Темурбек жанг-жадал шафқига тўлмиш,
Қўлида шамширу тагида тулпор.

Ҳукми олий билан этмиш намоён
“Куч бу – адолатда”, деган сўзларин.
Қон тўкмиш жаҳонгир гоҳо беомон
Ёвлари тикмасдан қонли кўзларин.

Отани боладан тирик айириб,
Тожу тахт талоши қизиркан барҳо.
Султон не зотларни қўлин қайириб,
Муҳташам салтанат айламиш барпо.

Аллоҳим бахш этмиш шунчалар шукуҳ,
Комили етукдир шажара, зоти.
Бир ён Бибихоним, бир ёнда Шоҳрух,
Бир ёнда Улуғбек синмас қаноти.

Не бахтким, туққан юрт бўлганда озод,
Муборак Ватанга қайтиб келмишсиз.
Қулоқ тутгайми, деб ноаҳил авлод,
Ташаккур, бизларни кўзга илмишсиз.

Ҳамон ер юзида шайтон туғёни,
Тилларда дуо-ю дилларда зарда.
Кўриб бу ноқису нотинч дунёни
Қайта босардингиз балки, саркарда.

Саъйи ниятларда руҳингиз сардор,
Ёвузлик чекингай, ўчгай ёмонлик.
Дастингиз шамширга бормасин зинҳор,
Ҳазрат, барчамизга тиланг омонлик.

1995

Абдулла Орипов

@abdullaorifijodi