Get Mystery Box with random crypto!

Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар орасида мана бунақаси ҳ | Zoirbek's blog || 22-23

Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар орасида мана бунақаси ҳам бор экан: 29-модда (оригиналини бу ерда ўқинг) учун таклиф қилинаётган янги формулировка:

Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.

Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.

Давлат Интернет тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.

Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, халқнинг соғлиғи ва маънавиятини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади.

Бу матндаги битта жумла мени хавотирга солмоқда: халқнинг соғлиғи ва маънавиятини.

Биринчи саволим. Халқнинг соғлиғи нима? Коллектив соғлиқни ким аниқлаб беради? Фикр, сўз ва эътиқод эркинлигининг амалга оширилиши бунга қандай салбий таъсир қилиши мумкин?

Иккинчи саволим. "Маънавият" деган тушунчанинг ичи бўшлиги, эскиргани, аниқ таърифи йўқлиги, ҳамма ҳар хил тушуниши айтилаётган, миллионлаб ёшлар маънавиятчилик сиёсатидан норози бўлаётган бир пайтда буни конституцияга қўшишдан мақсад нима? Шунча баҳсларга сабаб бўлаётган, доимо шахсий эркинликларни бузиш воситаси бўлган ва эскириб кетган концепциядан воз кечиш ўрнига, ҳеч йўқ уни янгиламай туриб қонунан мустаҳкамлаш янги чеклов ва эркинлик бузилишларига сабаб бўлмайдими? Шунда эркинликларни таъминлаши керак бўлган бу моддада аслида эрксизлик маскировка қилинган бўлиб чиқяптими? Ахир маънавият баҳонасида исталган одамни айбдор қилиш, жиноятчига чиқариш, овозини ўчириш мумкин. Тотал ва мажбурий ахлоқни конституция даражасида жорий этиб, Умберто Эконинг планкасига тезроқ етиб олмоқчимисизлар, жаноблар?

Бу модда шу формулировкада қолса, бундай ўзгартишга қарши овоз бераман. Ва етти-саккиз йилдан бери ҳафсалам пир бўлганида айтиб келаётганим "суриш керак" фикрига ўзимам амал қилиш ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўраман.

ELDOR ASANOV



@intizone