Get Mystery Box with random crypto!

ФИРОҚ Бу дардлар қалбимни емириб кетди, Дилнинг қирғоғидан то | Шаҳзод ЭРГАШАЛИЕВ

ФИРОҚ

Бу дардлар қалбимни емириб кетди,
Дилнинг қирғоғидан тошди ситамлар.
Оҳларим йиғилиб, самога етди,
Сенга етаклади оғир қадамлар.
Сен билармидинг?..

Келгин, ҳаётимни маънога тўлдир,
Йироқ кетма, мендан, қучоғимга дўн.
Ўлдирсанг майлига, севгинг-ла ўлдир,
Жонсиз юрагимни кулгичингга кўм.
Сен кўнармидинг?..

Сенсизликда адо бўламан бир кун,
Кетаман, барига қўл силтаб йироқ.
Лекин, муҳаббатнинг дардлари узун,
Дўстимдек қўлимдан тутади фироқ.
Сен келармидинг?..

Фақат, кўзларингда порласин севинч,
Бир бора қиё боқ, кипригинг оша.
Эҳтимол қийнаса, бир куни соғинч,
Асло ташвиш чекма, мен учун яша.
Сен кулармидинг?..

Сенчи, бўлармидинг мен-ла тоабад?
Бу ажиб дунёга қайтадан келсак.
Яна қучармиди бизни муҳаббат?
Дунё деб туғилиб, ишқ дея ўлсак...
Сен тонармидинг?..

Бу дардлар қалбимни емириб кетди...

Шаҳзод ЭРГАШАЛИЕВ

Гулноза Алимжонова ўқиди