Get Mystery Box with random crypto!

​ЭЛПАРВАР        Жўравой чойхона паловнинг ёғидан ялтираб тур | Шаҳзод ЭРГАШАЛИЕВ

ЭЛПАРВАР

       Жўравой чойхона паловнинг ёғидан ялтираб турган бармоқларини ўнгиб кетган сочиққа ҳафсала билан артар экан, бир зум телевизорга анграйиб қараб турди-да, истеҳзоли илжайиб, бошини сарак-сарак қилди.
       — Ватанни қўриқлаётган эмиш, тинч юртда юрибсан кериле-е-б. Шукр қил! Ҳозир олдинги отди-отдилар йўқ. — деди гапининг тасдиғини кутгандек ёнидаги шериги Абдувалига кўз қирини ташлаб.
       Абдували Жўравойнинг гапларига парво қилмади. У тишининг ковагига кириб қолган гўшт парчасини олишга уринар экан, пешонасидаги терни енги билан артиб, улфатининг гапини «тўғри» дегандек бош ирғиб қўйди.
       Жўравой бир четда турган пультни олиб, телевизор овозини кўтарди-ю, тағин энсаси қотди.
       — Шунча иззат, шунча эҳтиром-а! Бир каромат кўрсатибдими булар?! — деди ортидаги ёстиқни олиб, ёнбошлар экан. — Худо кўрсатмасин, бир ерда уруш бўлсами, олдига тушиб қочадиган ҳам шулар.
       Айтган гапи ўзига нашъа қилди шекилли, тоғорадек қорнини силкиб-силкиб кулди.
       Абдувалидан садо чиқмади. Орада чойхоначи йигит хабар олиб, чойни янгилаб чиқиб кетди.
       Дераза орти кўройдин эди. Кўчада одам сийраклашди. Зулмат ичра узоқ-узоқларда хира нур сочиб турган чироқлар кўзга чалинади. Аҳён-аҳёнда ит улийди. Ташқарида қорнинг қуруқ совуғи этни торс-торс ёрай дейди.
       Жўравой бир зум хаёл сурди-ю, чинни пиёла тагида қолган шамани бошқа идишга тўкиб, иссиқ чойдан тўлдириб қуйди. Оғзи куйиб, пиёладан хўплар экан, тағин шеригига юзланди.
       — Ўв, сенам бир нима десанг-чи! Забон борми ўзи?!
       Абдували «менга нима» дегандек бепарво қўл силкиди.
       — Оддий мисол, — деди Жўравой тағин гап бошлаб, — тунов куни уйимда ўнта ҳалиги «кўк ўлгур»дан йўқолди. Биров билмабди. Ўғлимни тўйига деб мирини-мирига қўйиб йиғиб юргандим.
       Абдували ярқ этиб қаради.
       — Нечта дейсан?! – сўради ҳайратдан олайиб кетган кўзларини пирпиратиб.
       Жўравой эриниб, юзини бурди.
       — Ўнта! Нима, эшитмовмидинг?
       — Қаёқдан эшитай, икки-уч кундан бери чойхонага чиқмасам? А, у ер бу ерни яхшилаб қараб кўрмадингми? Балки хотининг олгандир, балки, қўйган жойингни унут...
       Унинг гапи оғзида қолди.
       — Вей, мен сенга ёш боламанми, қўйган жойим эсимдан чиқади? Ё, шунча пул ўйинчоқ бўлдими? Буниям қўйиб тур, ўтган ҳафта тумшуғимнинг тагидан бир бош қўйимни уриб кетибди баччағар!
       Абдували оқ аралаш тўрттагина туки бор яйдоқ иягидагини сийпалаганча, бошини ликиллатиб, улфатига ачинган бўлди.
       — Билган одам қилган, Жўра. Билмаса, юраги бетламас-ов! Тағин билмадим.
       — Биладиган одамми, билмайдиганми, барибирмасми? Халқни тинчлигини бот-бот таъкидлаётган манави кўкраги кўйлак йиртганлар ҳам кўз-қулоқ бўлса бўлмайдими?! Э-э, садқайи одам кетсин-э!
       Аллаким қадамини тезлатиб келиб, дераза ёнидан шарпадек ўтди. Оёғидагини апил-тапил ечди-да, ўзини ичкарига урди. Эшик очилиши билан изиллаб кирган совуқ Жўравойнинг этини жимирлатди.
       — Дада! — деди мўйлаби сабза урган йигит энтикиб нафас оларкан. — Нодир... Нодир мелиса сизни чақиряпти!
       Жўравой улфатига ҳавотирли қараб қўйди.
       — Тағин тинчликми? Бир гапи бўлса, телефон қилавермайдими?
       — Телефонда айтадиган гапмас, дада!
       — Яна, ўғри тушибдими?! — юрагига алланечук нотинчлик оралаб, шошиб қаддини ростлади Жўравой.
       — Йўқ, ҳалиги...
       — Нима?! Гапирсанг-чи! Бугун ҳамманг келишиб олганмисан оғзингга талқон солишга? Айтавер, Абдувалидан сақлайдиган сирим йўқ мени!
       — Акам... акам маҳалладаги йигитлар билан «укол» олиб, қимор ўйнаётган экан, қўлга тушибди...
       Жўравойнинг миясига қон тепди. Ғазабдан кўзлари олайиб, гўштли бармоқлари билинар-билинмас титрай бошлади. Телевизор эса ҳамон элпарварлар ҳақида гапирарди...

Шаҳзод ЭРГАШАЛИЕВ