Get Mystery Box with random crypto!

Икки кун ичиди иккита таъзия хабари келди. Бирларини тармоқлар | Ikrom Sharif

Икки кун ичиди иккита таъзия хабари келди. Бирларини тармоқларда кўп эшитдик, Саъдуллоҳ Саид ака. Мен Саъдуллоҳ акани шахсан танимас эдим лекин у кишини дуо қилиб раҳмат тилаган кўплаб солиҳ кишиларнинг гувоҳлигига кўра у кишига ҳавасманд бўлдим. Бироз ўтиб у кишининг тармоқдан Қуръон тиловат қилиб ўтирганларини яна Ҳарами шарифдан туриб бировга илиқ муносабатлар билан хабар йўллаганларини кўрдим. Яъни солиҳ амаллар устида бўлганларини эслатувчи хотиралар ҳам қолди…

Вафот этган иккинчи киши эса, ҳамшаҳаримиз — Бекободлик мўйсафид, нуроний бобомиз Абдуллоҳ ҳожи бобо эдилар. Бу кишини Бекобод аҳли яхши танийди. Ҳожи бобо дадам раҳматли билан амакивачча эдилар.
У киши очиқюзли, ҳалим, масжидга серқатнов аҳли солиҳ эдилар. У киши ҳақида бир хотира айтаман. 2013-йиллар мадрасада ўқиб юрган кезларим, ҳафтада бир ота ҳовлимизга бораман. Ўшанда масжидга чиқсам, намозга 5-10 дақиқа вақт қолганида кириб борсам, бир четда Қуръон тиловат қилиб ўтирган бўлар эдилар. Бу вақтда 65 ёшлар атрофидалар. Мени кўриб қолсалар, дарров олдимга келиб ўтирар эдилар-да, пичирлаб айтарлилар:
— Қорижон, озгина Қуръон ўқиб берай, хатоларимни тўғирлаб қўясиз, майлими?
Хўп, дердим. Ўқирдилар. Баъзи вақтларда мен олдинроқ масчжидга кирган бўлсам, у киши кириб келиб, икки ракат намоз ўқирдилар ва менга кўзлари тушса Мусҳафни кўтариб келар, яна ҳалигидек: — Қорижон, озгина ўқиб берай, хатоларимни тўғирлаб қўясиз — дер эдилар.
Бу ҳолат бир неча марта бўлган. Ана шундай Қуръонга аҳл, мухлис, илм учун ўта мутавозе эдилар.

Аслида ўтган икки кунда ўнлаб, балки юзлаб одамлар вафот этгандир. Лекин биз бу икки кишини хотирлаганимизчалик фазилатлар билан ўтиш, хотирланиш қанчасига насиб қилди экан?
Ҳамма ҳам ўлади, ҳаммадан ҳам нимадир хотиралар қолади лекин ўлимнинг ва хотиранинг фарқи бор экан-да.
Баъзилар ўлим билан қутилса, баъзилар тутилади!..
Аллоҳ таоло бизларни ҳам ўша онда қутилганлардан қилсин!

Ҳожи бобо жарроҳлик амалиётини ўтгазиб, кейин оёққа турсалар ҳам бироз бетоб юриб вафот топдилар. Аллоҳ таоло вафот топган ҳожи бобомизни ҳам, Саъдуллоҳ акамизни ҳам чексиз раҳмати билан буркасин. Яқинларига сабри жамил бериб, мусибатлари ўрнини Ҳузуридаги яхшилик билан тўлдирсин. Омин!

@IkromSharif