2022-07-09 19:47:29
#kitobdan
У зот...У зот еттинчи осмонга чиқдилар ва у ердан бизни ўйлаб қайтиб тушдилар. Ваҳоланки, баъзилар салгина кўтарилса, кейин пастлолмайди.
У зот ўзлари қўйларни соғар, ковушларини ямар, мискинлар билан ўтириб овқат ердилар... Маҳалла раислигига сайланса, оддий кишилар билан бир жойда ўтиролмай қоладиганлар бор. Улуғлар эса кўтарилгани
сари тавозели бўлиб боради.
У зот асҳоблари ила бир жойга чиқдилар. Қуй сўймоқчи бўлдилар. Саҳобалардан бири “мен сўяман”, бошқаси “мен терисини шиламан”, яна бири “мен бурдалайман”, деди. У зот алайҳиссалом “мен ўтин тераман”, дедилар. Улуғлар биродари ишлаганда ажралиб қолишни хуш кўришмайди... Биз тўрт кишига бошлиқ бўлсак, курсимиздан тушгимиз келмайди.
Тасарруфларида кўп мол бор эди. Уни фақирларга тарқатмасалар, ухлолмасдилар. Вафот этганларида совутлари бир яҳудийга гаровга қўйилганди... Улуғлар ана шундай иффатли бўладилар.
Кишиларга намоз ўқиб берардилар. Набиралари Ҳасан елкаларига чиқиб оларди. У тушмагунча бошларини саждадан кўтармасдилар. Бир сафар намоз ўқиб бераётганларида орқа томондан, аёллар сафидан бола йиғиси эшитилди. Она безовталанмаслиги учун намозини севсалар-да, қискагина ўқидилар... Улуғлар ана шундай раҳмат учун яралган бўладилар.
У зот саҳобаларини ўзлари учун ўриндан туришдан қайтарардилар. Бир куни одамлар ҳузурига кирганларида улар беихтиёр туриб кетишди. У зот хафа бўлдилар. Буни сезган Ҳассон розияллоҳу анҳу қўйидаги маънода шеър ўқидилар: “Азиз киши учун ўрнимдан туришим менга лозимдир. Лозим бўлган ишни қилмаслик тўғри эмас. Ақли ва фикри бўлган инсон бу жамолни кўриб, ўрнидан туриб кетмаганига ажабланаман”. Буни эшитиб табассум қилдилар ва улардан рози бўлдилар...
Улуғлар ана шундай, узрни қабул қиладилар.
У зотни бизга азондаги “Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ” жумласи эслатади.
У зотни бизга азондаги “Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ” жумласини эшитиб, ҳушидан ажраган Билол розияллоҳу анҳу эслатади.
У зотни бизга ҳар бир ҳаракатида у зотга эргашган Абдуллох ибн Умар розияллоҳу анҳу эслатади.
У зотни бизга исми “Муҳаммад” бўлган барча фотиҳлар эслатади.
У зотни бизга “Муҳаммад” исмли барча мўмин биродарларимиз эслатади.
У зотни бизга меросхўрлари бўлмиш устозларимиз эслатади.
У зотни бизга бутун борлиқ эслатади!
45 views16:47