2022-08-31 04:17:01
***
Бизни аллақачон унутди тақдир,
Энди ҳордиқ олгин. Тиним бер ғамга.
Ўртада хеч нарса қолмади ахир,
Сен энди ҳеч кимим. Ҳеч кимим, англа.
Деразага боққин, бир боқсанг бўлди!
Кўрасан - қуёш йўқ, кундуз ўтди - тун.
Бу йўлда қанча жон, қанча дил ўлди-
Мен сенга ҳеч кимман, ҳеч кимман, тушун.
Холинг чизай десам, етмади тасвир.
Дардинг кўтаролмай шеър синди, қара..
Азизим, не қилай? Қайтсинми тақдир?
Қайтсинми? Қайтсинми азоблар яна?
Воҳ! Кўзни чирт юмиб қисматни ичдим.
Маст-аласт турибман шеър ичра тикка.
Ёлғизим! Ҳеч кимим! Азиз ҳеч кимим!
Мен сени севаман тақдирсизликда.
Усмон Азим
845 views01:17