Get Mystery Box with random crypto!

. А Д О Л А Т | ❤️ 𝄀 Soliha Qizlar 𝄀 ❤️

. А Д О Л А Т .
**

Ҳазрати Умарнинг ҳалифалик замонларида Шом волийси бўлган, жаноб Пайғамбаримизнинг дўстларидан бўлган Саъд ибн Абу Ваққос, Шомдаги бир масжидни кенгайтиришни истайди. Шу мақсадда масжиднинг атрофидаги ерларни эгаларидан сотиб ола бошлайди. Ҳар ким ўзига тегишли бўлган ерини бажонидил, маълум бир бадал эвазига сотадилар. Фақат, масжиднинг деворига туташиб кетган бир ернинг соҳиби бўлган яҳудий ўзининг ерини сотишликни хоҳламайди. Волий ернинг ҳақини ортиғи билан берсада, яҳудий ўзининг ерини масжид учун беришни истамайди. Бундан ғазабланган Волий, ерни яҳудийдан зўрлаб сотиб олади. Ернинг ҳақини унга беради.

Еридан айрилган яҳудий, мусулмон бўлган бир қўшнисига дардини айтади. «Менга зулм қилдилар», дейди. Қўшниси унга деди.:
--- Сен Мадинага бор. У ерда ҳалифа Умар бор. У зот сўнг даражада одилдир. Ўйлашимча, сенинг ишингни ҳал қилиб беради.

Шундай қилиб, яҳудий Мадина йўлига отланади. Бир неча кун юра-юра Мадинага етиб боради. Одамлардан Ҳалифанинг қаердалигини суриштиради. Одамлар, ҳурмо дарахтининг соясида дам олиб ўтирган, оддийгина кийинган одамни кўрсатиб: --Мана шу одам ҳалифадир, дейишади.
Яҳудий Умарнинг олдига боради. Унинг атрофида на бир соқчи, на бир қўриқчи бор эди. Ҳалифа дейилган одам эса, хотиржамгина дам олар эди. Салом бериб унинг ёнига ўтирди. Дардини англата бошлади. Ҳалифа уни диққат билан эшитади. Кейин ёнида ётган бир парча тери (ёки суяк)ни олиб шундай деб ёзади:
--- «Эй Саъд! Биласанки, менинг адолатим Нуширавонникидан кам эмасдир!» Кейин терини яҳудийга узатади:
---- Унга мана шуни олиб бор!
Яҳудий тери парчасини олиб йўлга тушади. Йўлда кетар экан, ўзига ўзи шундай дейди: Ким ҳам бир тери парчасига эътибор берар эди. Кейин, Шомдаги Волийнинг атрофидаги дабдаба қаерда-ю, Мадинадаги бу тавозеъ қаерда? Шомдаги у одамлар Мадинадаги ҳалифани менсимасалар керак... Нима бўлса бўлди, дейди умидсиз ҳолда.

---- Шомга етиб келади. Волийнинг олдига ҳалиги терини олиб боришни истамайди ҳам. Чунки, бундан бир натижа чиқишига кўзи етмайди.
Қўшнисига бўлган воқеани айтиб берди. Қўшниси деди:
---Сен шунча вақт кетказиб, шундан шунга бориб келдинг. Энди бу ишни охирига етказ. Терини олиб бор Волийга. Натижасини кўр.
--- Туғри! - ўйлади яҳудий. Шунча йўл босиб бориб келдим. Энди нима бўлса бўлар, шу хатни Волийга олиб боришим керак.

Эртасига яҳудий Волийнинг ҳузурига чиқади. Волийга тери парчасини берди.
--- Мадинадаги Ҳалифанинг сенга ёзган хати бу!
Волий ёзувли терини олади. Ундаги ёзувни ўқир ўқимас, ранги оқариб кетади. Бошини эгганча, узоқ вақт жим қолади. Ниҳоят, хавотир акс этган юзини кўтариб, шундай дейди:
--- Ерингиз сизга қайтариб берилади. Илтимос, уни қайтариб олинг....
Яҳудий кутилмаган бу гапдан ҳайратга тушди. Биргина жумланинг Волийга шу қадар таъсир қилишини асло таҳмин қилмаган эди. Ҳайратини яширмай Волийдан сўради:
--- Биргина жумла сизни шунчалик хавотирга солишини кутмаган эдим. Нима учун бу сизни шу қадар қўрқитиб юборди?

---Англатай сенга. Англатай... --- деди, Ҳазрати Саъд, --- Бу жумланинг бир ҳикояси бор. Тинглаб кўр. Кейин менга бу жумла нега бунчалик таъсир қилганини билиб оларсан. Ўтир, эшит.

--- Ислом келишидан аввал, ҳозир ҳалифа бўлиб турган Умар билан бирга Эрон тарафларига тижорат мақсадида кетдик. Ўзимиз билан икки юзта туя ҳам олган эдик. Эронга етиб бордик. Бир ерда ўйин ўйнаётган одамларни тамоша қилиб турганимизда, у ердаги баъзи йигитлар бизнинг туяларимизга кўз тикдилар. Уларни биздан тортиб олдилар. Улар қароқчи тўдалардан эдилар. Биз туяларимизни улардан олишга кучимиз етмас эди. Қўлимизда пулимиз ҳам қолмаган эди. Тунаш учун эски бир уй топдик. Уй эгасига аҳволимизни тушунтирдик. Уй эгаси яхши одам эди.
--- Сиз бу ишни Қиролга бориб айтинг. Қиролимиз жуда одил ҳукмдор. Бу ишингизни ҳал қилиб бериши аниқ, --деди у.