Get Mystery Box with random crypto!

Россиянинг собиқ президенти ва собиқ бош вазири, ҳозирда Росси | Ilyos Safarov

Россиянинг собиқ президенти ва собиқ бош вазири, ҳозирда Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари ҳисобланган Дмитрий Медведевнинг «ВКонтакте»даги саҳифасида 2 августга ўтар кечаси СССРни қайта тиклашга бағишланган катта бир пост эълон қилинибди. Бу постда таъкидланишича, Россия Украинани бир ёқлик қилгач (бу довдирлар ҳали ҳам Украинани бир ёқлик қила олишига ишоняпти), «сарҳадлари ҳеч қаерда тугамайдиган Россиянинг чегараларини қайта тиклаш бўйича кейинги юриш»га киришаркан.

Медведевнинг каналида эълон қилинган постда ёзилишича, Россия таркибига қўшиб олинмагунича, Грузия деган давлат умуман бўлмаган экан — алоҳида таъкидланишича, 1801 йили ҳозирги Грузия ўрнида бешта суверен сиёсий тузилма (ҳатто давлат демаптие): Картли-Кахетия, Имеретия, Мегрелия, Гурия ва Сванетия деган князликлари бўлган ва улар Россия империяси таркибидагина ҳозирги Грузия кўринишига келган.

Қозоғистон эса, Медведевнинг саҳифасида қайд этилишича, «рус ерларида тузилган сунъий бир давлат» (Путин Украина ҳақида шу гапни айтишни яхши кўрарди, масалан); постни ёзганлар бу маълумотларни қаердан олган, билмадиму, лекин уларнинг фикрича, Қозоғистон расмийлари XXI асрда «республикадаги турли этник гуруҳларни кўчириш бўйича ташаббусларни амалга ошира бошлабди», буни «ўрисларга нисбатан геноцид» деб баҳолаш мумкин экан. Пост: «Биз бунга жим қараб тура олмаймиз. У ерга ўрислар бормагунича, тартиб бўлмайди», — деган гаплар билан тугаган.

Биринчидан, ўрисларга нисбатан жуда геноцид бўлмаса-да, бир бошқачароқ, номаъқулроқ назар айнан мана шунақа баёнотлардан кейин пайдо бўлади. Бунақанги баёнотлардан кўзланган мақсад ҳам шу аслида — ўрислар ҳеч қанақасига камситилмаётган бўлса-да, мана шундай провокациялар билан бирор байроқ қилгулик ҳодисани келтириб чиқариш, кейин, худди Украинада бўлгани каби, ўша ҳодисанинг видеосиними, аудиосиними ўз пропаганда каналлари орқали тарқатиб, «мана, ўрисларни оммавий қийнашяпти», деб жар солиш.

Иккинчидан, бу ҳали ҳам «Россиядан бизга хавф йўқ, чегарамиз йўқ-ку», деб хомхаёл қилиб юрганларга огоҳлик қўнғироғи. Нима деб ёзилганини кўряпсизми? Бешта князликни бирлаштириб, битта Грузия қилиб берган Россия бўлади, демоқчи. Атрофингизга, тарихингизга қараб кўринг — Грузия билан Бухоро, Хоразм ва Туркистон республикалари Ўзбекистонга айлантирилгани ўртасида параллел кўринмаяптими? Шу баҳона Ўзбекистонни ҳам «сунъий тузилган давлат» деб эълон қилиши ҳеч гап эмас бу босқинчиларнинг.

«Россиядан эҳтиёт бўлинг!» деган огоҳлик қўнғироғининг энг яхшиси ва энг жарангдорини Россиянинг тепасида турган ақлдан озганлар айтяпти. Бу огоҳлантиришни кўрмаслик, эшитмаслик, кўриб кўрмасликка, эшитиб эшитмасликка олиш — ўз жонига суиқасддан бошқа нарса эмас. Эҳтиётимизни қилайлик, эсимизни йиғайлик.

Дарвоқе, ўриспарастлар ва путинпарастлар сал енгилроқ нафас олиши учун бир сабаб бор — Медведевнинг саҳифасида эълон қилинган реваншистик кайфиятдаги бу пост 10 дақиқадан сўнг ўчириб ташланибди. Лекин нима бўлган ўзи — хакерлик ҳужумими ё муддатидан аввал эълон қилиб қўйилган баёнотми, бу ҳақда ҳозирча бирор изоҳ берилгани йўқ.