Get Mystery Box with random crypto!

Ота-онадан тониш, улардан ор қилиш. Бу ота-онага оқ бўлишнин | ✨Ҳадис ва ҳикмат

Ота-онадан тониш, улардан ор қилиш.

Бу ота-онага оқ бўлишнинг энг хунук ва қабиҳ кўриниши десак, хато бўлмайди. Ҳаётда шундай фарзандлар ҳам учрайдики, ўзи оддий оилада туғилиб вояга етган бўлсада, лекин мол-давлати кўпайиб, мартабаси ошиб қолса, ота-онасидан ор қиладиган одат чиқаради. Бундай фарзандлар ота-онасининг одми юриш-туриши ва сипо кийинишидан ғаши келадиган бўлиб қолади. Эҳтимол, ўз-ўзича дунёқараши тор, маданиятдан ортда қолган ота-онасидан ижирғана бошлар.

Мабодо уйига янги дўстлари ишхонасидаги ҳамкасблари келиб қолса, ота-онаси уларнинг кўзига кўринишидан қўрқади. Бордию кимдир ота-онасини кўриб қолиб, сўраб қолгудек бўлса, «хизматкорларимиз» деб юборишдан ҳам тоймайди.

Баъзилар турли тадбир, маросим ва ҳоказоларда ёки матбуотда ота-онасининг номи тилга олинишига тиш-тирноғи билан қаршилик қилади. Чунки ота-онаси ўқимаган оддий ишчи ёки деҳқон бўлиши мумкин. У бундан номус қилади. Институтдаги ёки ишдаги, ота-оналари ҳам фарзандлари каби олий маълумотли, зиёли ва маданиятли бўлган дўстлари олдида ўзининг асл ижтимоий ҳолатини билдиргиси келмайди. Албатта бу амал кишининг нақадар тубан, аҳмоқ ва пасткашлигидан дарак беради. Фақат разил кимсагина ота-онасидан фақатгина уларнинг оддий ва камтар юриш-туришини деб ор қилади.

Мана шундай тоифага мансуб кишилар ҳақида халқимиз: «Кўрмаганнинг кўргани қурсин!» дейди. Яна насиҳатомуз тарзда: «Ўткан кунингни унутма, эски чориғингни қуритма!» дейишади. Хуллас, олийжаноб ва ориятли киши ўз келиб чиқиши, насл-насаби, ота-онасининг ижтимоий ҳолатидан алсо уялмайди, балки ифтихор ҳиссини туяди. Бойиб кетгач, ижтимоий савияси қандай бўлишидан қатъи назар, ўзининг ишидай мартабага етиши учун тер тўкиб меҳнат қилган ота-онасидан воз кечмайди, уларнинг яхшлигини унутиб юбормайди.

Шайх Саййид Раҳматуллоҳ ТEРМИЗИЙ «Ота-онага оқ бўлишдан сақланайлик» китобидан.

Улашинг | SALOHIDDIN DO'MLA

АЛБАТТА ТАРҚАТИНГ

SALOHIDDIN DO'MLA


https://t.me/+WBZn9gDatGwxN2Uy