Get Mystery Box with random crypto!

Инсон қадри учун ПЕНСИЯ ВА НАФАҚАЛАР МИҚДОРИ ОШИРИЛДИ Мамлакат | FORISHLIKLAR 🇺🇿 | Расмий канал

Инсон қадри учун
ПЕНСИЯ ВА НАФАҚАЛАР МИҚДОРИ ОШИРИЛДИ
Мамлакатимизда тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни бажаришга киришилган шу кунларда кучли ижтимоий сиёсат билан боғлиқ навбатдаги муҳим ҳужжат қабул қилинди. Президентимизнинг 2022 йил 29 апрелдаги “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан пенсиялар, нафақалар миқдори 12 фоизга оширилди. Шунингдек, мамлакатимиз бўйича энг кам пенсия оладиган 725 минг нафар аҳолининг пенсияси 400 минг сўмдан 500 минг сўмга ёки 14 фоизга оширилди.
2022 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
- пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 324 000 сўм;
- ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 633 000 сўм;
- ногиронлик пенсиялари, жумладан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори – ойига 698 000 сўм;
- меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 698 000 сўм;
- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 500 000 сўм;
- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – ойига 500 000 сўм;
- белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 698 000 сўмгача, пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори – ойига 698 000 сўм этиб белгиланди.
Шунингдек, 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига 3 080 000 сўм этиб белгиланди.
Бундан ташқари, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 500 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
Боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 500 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 185 000 сўмдан қўшилиши белгиланди.
Президентимизнинг мазкур фармони ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, улар турмуш шароитини янада яхшилашга хизмат қилади.
Ёрқин НУРҚУЛОВ,
пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғи.


@FORISHLIKLAR