Get Mystery Box with random crypto!

Хушнудбек Норвегиядаги йўл хавфсизлигига бўлган муносабат ҳақи | Файзбоғ (ТемурМалик)

Хушнудбек Норвегиядаги йўл хавфсизлигига бўлган муносабат ҳақида ёзибди. У ерда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун 3000 евродан зиёд маблағ сарфлаш керак экан, бунинг устига имтиҳонларидан ўтиш ҳам ўта машаққатли вазифа.

Бундан ташқари, жарималари ҳам жуда қиммат. Масалан, белгиланган тезликни соатига 20 км.га оширсангиз, 1000 евро жарима тўлашингизга тўғри келади. Пулингиз йўқ бўлса, 1 сутка қамоқда ётишга мажбурсиз. Маҳаллий аҳоли шунча пул тўламаслик учун кўпинча иккинчи йўлни танлашаркан.

Мен бизда ҳам худди шундай тизим яратилиши керак демоқчи эмасман, лекин йўллардаги тартибсизликларни кўриб, ўзимизнинг "мамкин шумахерлар"га қарши жиддий чоралар кўриш керак, деган қатъий фикрдаман. Олдин бундай қатъий чораларни ёқламасдим, аммо ўзим шахсан ҳайдовчиларнинг йўлларга, одамларга, бошқа мошиналарга бўлган хунук муносабатига гувоҳ бўлгач, бизда фақат шундай қаттиққўллик йўли орқали тартиб ўрнатилиши мумкин, деган қарорга келдим.

Бир куни битта дўстимга 5 йил Москвада ҳайдаб келганман десам, у "стажинг" бу ерга ўтмайди, бир кўчага чиқ, кейин тушунволасан, деганди. Мана энди дўстим қанчалик ҳақ бўлганини ўз кўзим билан кўриб келяпман. Кеча олдимда юрган иккита ҳайдовчи битта йўлни талашиб қолиб, йўлни ўртасида бир-бири билан уришиб кетса бўладими... Қизил чироқда бемалол тўхтамай ўтиб кетишлари ҳақида аввалроқ ҳам ёзганман. Мен Москвада 5 йил мошина ҳайдаб, ҳайдовчилик тажрибамни ошириб келдим. У ерда ҳайдовчилар жаримага тушмаслик учун бор вужуди билан ҳаракат қилади, қолаверса одамларда маданият бор, бир-бирига бўлган ҳурмати юқори, маза қилиб мошина ҳайдайсиз. Бу ерда эса ўта тартибсиз.

Жарималар миқдорини оширишмаса ҳам майли, лекин йўлларда камералар сонини кўпайтиришсин, ҳар бир жойда кузатув камераларини ўрнатишсин, у хоҳ шаҳар бўлсин, хоҳ чекка жой. Ва албатта, энг муҳими, ҳайдовчилик гувоҳномаси билан боғлиқ коррупцион ҳолатларга қарши жиддий курашишсин.

Биламан, айрим ҳайдовчиларга гапларим ёқмаслиги мумкин, менга ҳам йўллардаги "наглый" ҳайдовчилар ёқмайди. Мен кўчага чиқишга қўрқиб қолдим, қачонгача давом этади бу?! Бизга хавфсиз шаҳар керак.

@fayzboguz