Get Mystery Box with random crypto!

Бозордан қўй ё сигир оладиган бўлсак, чорва боқишдан хабардор | Файзбоғ (ТемурМалик)

Бозордан қўй ё сигир оладиган бўлсак, чорва боқишдан хабардор танишларимиздан сўраб-суриштирамиз: қандай жой тайёрлаш керак, қўй неча маҳал ем ейди, сигирга нима берганимиз маъқул, деб.

Мушук ё кучукча боқиб олишга қарор қилсак, боқиб олаётган мушукчамизнинг феъл-атвори қандайлиги билан қизиқамиз. Қандай озуқаларни ейдию, қайсинисига қайрилиб қарамаслигини суриштирамиз. Кучукниинг қайси вақт сайрга чиқишигача суриштирамиз ва ҳаммасини бажаришга ҳаракат қиламиз.

Буларнинг бирортасига нисбатан менинг хонадоним қонунларига мослашсин, мени ҳурмат қилсин, жаҳлим чиққанида, ерга қараб турсин, бу ерда ҳукмни мен чиқараман, қабилида муносабат кўрсатмаймиз.

Ҳатто оддийгина тувакда ўсадиган гул келтирсак, яйраб-яшнаб туриши учун, унинг барча "истак"ларини бажо келтирамиз. Қуёшни ёқтирмаса, сояга оламиз, салқин жойда сал ўзгарса, энг серқуёш жойга жойлашга шошиб қоламиз, оз сувни хуш кўрса, оз, кўп сув ичса, кўп сув бериб, раъйига қараймиз.

Фақатгина келин олганимизда, унинг феълини суриштирсак ҳам, шунга кўра муомала қилиш учун эмас, гапимизга кирита оламизми-йўқми, шунга ишонч ҳосил қилиш учун сўраймиз.

Хонадонимизнинг айрим қонунларини совчиликка чиққандаёқ, айрим сирлироқларини келин келгач санаб берамиз ва шу қоидаларга бўйсунишини қатъий талаб қиламиз.

Табиатан уйқучироқ бўлса, "вой, шармандааа", деб лаб тишлаймиз-да, уят бўлишини айтиб, ҳоли-жонига қўймаймиз. Ахир, кўпроқ ухлаб қолиш уят-ку. Айниқса, келин учун.

Кўпроқ таом еса, очофат деймиз. Китоб ўқиса, ўқиб олим бўлармиди, деб энсамиз қотади.

Ҳамиша таъзим қилиб, каттадан то кичигимизгача сизлаб, қош-қовоғимизга қараб туриши, барчамизнинг феъл-атворимизни ўрганиб, шунга кўра муомала қилиши, саҳардан то ярим тунга қадар тинмаслиги, "бўл тайёр" деганимизда, "доим тайёр" деб "честь бериши", боз устига ҳамиша табассум қилиб туриши шарт.

Ахир келин ўз номи билан келин-ку, у мушук ё кучукмидики, эркалатиб, унга ёқадиган муомала қилсак, сигир ё қўймидики, унинг учун мўътадил шароит тайёрлаб, саҳарлари озуқа келтириб юрсак, тувакдаги гулмидики, сояни севадими, қуёшними, серсувлик маъқулми, камсувликми, деб куйиб-пишсак.

Ҳеч бўлмаса, одам бўлганида эди, шунга кўра муомала қилардик...

P/S: бу шахсий кузатувларим натижаси. Тан олишим керакки, келинга жуда ҳам яхши муомала қиладиган оилаларимиз ҳам бор.

Гавҳар Насруллоҳ

@fayzboguz