Get Mystery Box with random crypto!

10 йилдан буён ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегменти атрофида юри | Файзбоғ (ТемурМалик)

10 йилдан буён ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегменти атрофида юриб, шуни англадимки, жамиятга таҳлилий ёндашув ҳамда таҳлилий мақолаларни сабр билан ўқиш/тинглаш хусусияти етишмайди. Одамларга кўпроқ ҳангомалар (сарказм, аччиқ кулгу), фактчекинг қилинмаган бўлса-да юракка малҳам (ёки дард) солувчи маълумот/ҳикоя/ривоятлар, ҳамда радикал даражадаги кучли танқидлар ёқади (айниқса, аноним аккаунтлар томонидан тарқатиладиган хабарларни "ётволиб" ўқишади). Пост сал узунроқ бўлса, ўқиб чиқишга эринишади, гўёки унданда муҳимроқ ишлари тиқилиб ётгандай. Китобни ўқиб чиқиш ҳақидаку, ортиқча гапирмадим. Бундай одамларга эринчоқлиги ва мантиқий фикрлаш даражаси заифлиги нафақат тармоқда, балки реал ҳаётда ҳам кўп панд берганини кузатганман. Масалан, кўп ҳолларда тартиб билан белгиланган қонун-қоидаларни дангасалиги туфайли "таниш-билиш" ёки "пора" эвазига айланиб ўтиш йўлини қидиради, мантиқий фикрлашнинг заифлиги туфайли эса "мошенниклар" томонидан чув туширилади. Бу катта муаммо.

Аслида, мантиқан фикрламаслик хислати ҳам дангасиликнинг типик белгисидир. Инсон ўз устида ишлаб, тинмай ақлий меҳнат қилса, ҳаётидаги барча муаммоларини бирин-кетин енгишни бошлайди. Ақл билан иш кўрилган барча йўллар муваффақиятга бошлайди, ҳатто дунёдаги манаман деган зўравон мафиозиларнинг ҳаётига назар ташласак, улар ҳам анча теран фикрли ва билимли бўлганини кўрамиз. Билим ҳамма ишда бирламчи принцип ҳисобланади.

Шунингдек, кўп ҳолларда, билимли, теран фикрли инсонларнинг ўз важоҳат ва агрессиясини назорат қила олишини кузатганман, улар жанжал ва урушларга мойил бўлмайди. Билим ва агрессия бир-бирига антоним бўлган сўзлардир. Бу эса, ўз навбатида, ташқи кучлар томонидан ушбу мамлакат аҳолисини бир бирига қарши гиж-гижлашни ҳамда йўқ жойдан уруш оловини ёқишни деярли имконсиз ишга айлантиради.

Хуллас, билим — бу куч. Бир сония бўш вақт қолса ҳам, уни мантиқий фикрлашни ривожлантириш ҳамда билим олишга сарфлаш зарур.

@fayzboguz