Get Mystery Box with random crypto!

Ўзбекистон ХДП расмий сайтида қуйидаги сатрлар мавжуд: «Ўзбек | Файзбоғ (ТемурМалик)

Ўзбекистон ХДП расмий сайтида қуйидаги сатрлар мавжуд:

«Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий мақсади қуйидагилардан иборат:

– Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга ва ҳимояга эҳтиёжманд фуқаролари манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади. Булар – иқтисодиётда банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезадиган ва ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган одамлар; доимий иш жойи ва муқим маошга эга бўлмаган аҳоли қатлами, бошқа ижтимоий соҳаларнинг ходимлари ва мутахассислари, кам таъминланган ва кўп болали оилалар, пенсионерлар ҳамда имкониятлари чекланган кишилар».


ХДП ўз мафкурасига кўра, халқчил, сўл партия ҳисобланади. У иқтисодиётни миллийлаштириш, корпорацияларни йўқ қилиш, аҳоли даромадларини тенглаштириш тарафдори. Партия ўз идеологик йўналишига мос ишлар бажарса, кўпчиликнинг меҳрини қозониши, партиялар ўртасида рақобатбардош муҳитни шакллантириши мумкин. Масалан, ишсизлик муаммосини кўтариб, тадбирвозлигу концертларга йўналтирилаётган миллиардларни ишсизлик нафақаси учун ажратиш таклифини ўртага чиқариши мумкин эди. Шунингдек, яқинда "Қўйлиқ" бозорида минглаб одамни сарсон-саргардон қилган кўчириш ҳақидаги қарорни танқид қилганда, ўзининг электорати олдида юзи ёруғ бўларди.

Аммо ХДП депутати Мақсуда Ворисова бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларда кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган чиқишлар қилишдан тинмаяпти. Яқинда носвойни тақиқлаш таклифи билан чиққан депутат, энди пивонинг зарарлари ҳақида мақола чоп этиб ўтирибди. Бугунги ижтимоий ҳолатимизни инобатга оладиган бўлсак, аҳоли орасида ХДПга талаб ва эҳтиёж юқори бўлиши, бундан эса партия аъзолари унумли фойдалана олишлари керак эди. Бироқ, айни дамда партия вакиллари бутунлай бошқа реаликда яшамоқда. Бу, қайта-қайта такрорлаганимиздек, партияларимиз ўз номларига мос сиёсий идеологияларга эга бўлмаганлиги билан боғлиқ.

Янги Ўзбекистонни янги кадрлар билан қуриш керак, деган фикрни аввал ҳам айтганман. Сиёсий онги собиқ шўролар, кейинроқ эса Каримовнинг диктатурасида шаклланган шахслар билан замонавий демократик давлат қуриб бўлмайди. Агар амалдаги ҳокимиятнинг режасидан демократиянинг "демо" версиясини яратиш, ташқи ва ички фаол кузатувчилар кўз ўнгида "Янги Ўзбекистон" номли сохта портрет чизиш ўрин олмаган бўлса, ҳокимиятнинг барча нуқталарида замонавий сиёсий тендецияларни тушунадиган кадрларга имконият яратиб бериши лозим.

@fayzboguz