Get Mystery Box with random crypto!

​​#саҳобалар_ҳаётидан Саҳобаларнинг хулқларидан қанчалар узоқ | 🇺🇿Chorvachilik Fargʻona

​​#саҳобалар_ҳаётидан

Саҳобаларнинг хулқларидан қанчалар узоқмиз-а!

Робийъа ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадилар:
“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида бўлдим, шунда менга ер бердилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ҳам ер бердилар. Сўнгра мол дунё кўпайди, мен ва Абубакр бир туп хурмо дарахти устида келишолмай қолдик.

Абубакр:
– “Бу хурмо менинг ҳудудимда”, – деди. Мен ҳам:
– Йўқ, менинг ҳудудимда, – дедим.

Шундай қилиб мен ва Абубакр орасида гаплар ўтди ва Абубакрдан менга ёқмайдиган бир гап чиқди, лекин кетидан дарров пушаймон бўлди-да, менга:

– “Эй Робийъа! Сен ҳам менга шундай гап айтасан, менга қасос бўлсин”, – деди. Мен:
– Ундай қилмайман, – дедим.

Абубакр:
– “Айтасан ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга устингдан шикоят қиламан”, – деди.

Мен:
– Барибир ундай қилмайман, деб туриб олдим. Абубакр бутунлай ердан бош тортди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига отланди, мен ҳам орқасидан эргаша бошладим. Бу орада Аслам қабиласидан бўлган баъзи одамлар келиб, менга:

– Абубакрни Аллоҳ раҳм қилсин! Нима учун сизнинг устингиздан шикоят қилади, ҳолбуки сизга нима деса деган унинг ўзи-ку, – дейишди.

Мен уларга:
– Бу зот ким эканини биласизларми ўзи? У зот кимсан Абубакр Сиддиқ бўлади, у зот Расулуллоҳнинг ғордаги ҳамроҳлари, мусулмонларнинг оқсоқоли бўлади.Сизларнинг менга ёрдамчи бўлаётганингларни кўриб сизлардан ғазаб қилиб қўйишидан, кейин Расулуллоҳга бу хабар етса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам сизларга ғазаб қилишларидан, иккиларининг ғазаби сабабли сизларга Аллоҳнинг ғазаби тушиб қолишидан, бунинг натижасида Робийъа ҳалок бўлишидан эҳтиёт бўлинглар, дедим.

Улар:
– Биз нима қилишимизни истайсиз? – дейишди.
– Орқага қайтинглар, – деди.

Абубакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кетди, мен орқасидан бир ўзим у Зотнинг ҳузурларига етиб боргунига қадар эргашиб бордим. Абубакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб бўлган воқеани қандай бўлган бўлса, шундайлигича айтиб берди.

Шунда бошларини кўтариб:
– Эй Робийъа! Сен ва Абубакр орасида нима ўтди? – дедилар. Мен:
– Ё Росулуллоҳ, орамизда фалон, фалон гаплар ўтди, кейин менга ёқмайдиган бир гап айтди, кейин менга ҳам шундай гапни айт, менга қасос бўлсин, деб туриб олди, – дедим.

Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Тўғри қилибсан, ундай жавоб қайтармагин, унинг ўрнига: “Эй Абубакр, Аллоҳ сени мағфират қилсин, Аллоҳ сени мағфират қилсин”, деб айтгин, – дедилар. Шунда Абубакр розияллоҳу анҳу бошқа тарафга бурилиб олди, шу пайтда у йиғлаётган эди”.

@FARGONA_CHORVAA — kanalini kuzatib boring!