Get Mystery Box with random crypto!

Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедила | Elyorbek Eldorbek o'g'li | Blog

Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Илм ўрганинг, илм учун сакинат ва виқорни ҳам ўрганинг. Ва сизларга илм ўргатаётганларга тавозеъ билан ўзингизни паст тутинг!”
(Имом Табароний “ал-Авсат”да ривоят қилган).

Муаллимга кибр қилиш, уни менсимаслик тубан хулқ ҳамда нифоқ аломатларидан ҳисобланади. Имом Табароний “ал-Кабир”да ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “уч тоифа инсон борки, уларни фақат мунофиқгина хорлайди: Исломда мўйсафид бўлган қария, илм соҳиби ва одил раҳбар”.

Устоз ва муаллимга ўзни паст тутиб, хокисор бўлиш нажот эшиги, илм таҳсил қилишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Динимиз шунга буюради, шунга ўргатади. Бу устозларнинг шогирдлари устидаги ҳақларидандир.
Имом Нававий айтадилар: “Ўқувчи муаллимига итоаткор ва ройиш бўлиши, унинг сўзига қулоқ солиб, ўз ишларида у билан маслаҳатлашиб туриши ва оқил бемор самимий ва моҳир табиб сўзини қабул қилганидек у ҳам ўз муаллимининг сўзини қабул қилмоғи лозим. Шунингдек, муаллимига эҳтиром кўзи билан боқиши, унинг ўз ишида комил иқтидор ва малака соҳиби эканлиги ва бошқа устозлардан устунлигига ишониши лозим. Ана шунда ундан манфаат олиши осон бўлади”.
Олимларимиз айтадиларки, талаба ўз устозининг камоли аҳлият ва иқтидор соҳиби эканлигига, ўз ишининг моҳир мутахассиси эканлигига эътиқод қилиб, ишониши керак. У ҳақда фақат яхши фикрда бўлиши лозим. Агарчи, устозидан диёнатга очиқ-ойдин терс келадиган хаттиҳаракатни кўриб қолса ҳам уни фақат яхшиликка йўйиб, яхши гумонда бўлиши керак. Акс ҳолда унинг баракасидан маҳрум бўлади.

Имом Нававий "ал-мажмуъ"да ёзишича, қадимда ўтган улуғларимиздан бирлари ҳар сафар муаллимининг ҳузурига кетаётганда етим-есирларга садақа ва хайр-эҳсон қилар экан. Сунг, қўлларини дуога очиб: "Илоҳо, муаллимимнинг айбини мендан яширгин! Ва унинг баракасидан мени маҳрум қилмагин!", дея илтижо қилар экан.
Манбаларда муаллимларга нисбатан риоя қилиш лозим бўлган одоблар саналганда айрим диққатни тортадиган жойларига дуч келамиз: "ўқувчи агар муаллимини бир тўда инсонлар ичида учратиб қолса, жамоага салом бергач, муаллимига алоҳида салом бериб, мулозамат қилиши керак".

Бу айтилганлар муаллимга кўрсатиладиган одоб ва ҳурматлар уммонидан айрим томчилар холос. Ўйлаймизки, муаллимларга қай даражада эҳтиром билан мумалада бўлиш лозимлигини билиш учун шу нарсаларнинг ўзи кифоя қилади.
Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, толиби илм устозининг розилигини топишга интилиши ва уни норози қиладиган, хафа қиладиган, кўнглини оғритадиган ишлардан сақланмоғи лозим.

Алишер Султонходжаев
———
Bayyina.uz | Обуна бўлиш
Ижтимоий тармоқларда бизни кузатинг!
taplink.cc/bayyinauz