Get Mystery Box with random crypto!

Сиз ҳам Тошкентнинг марказида, марказга яқин жойларида, айрим | DUBLIX BOOM

Сиз ҳам Тошкентнинг марказида, марказга яқин жойларида, айрим туманларда йўллар чеккасидаги бордюрлар олиб ташланиб, ўрнига янгиси қўйилаётгани, пиёдалар учун мўлжалланган асфальт/бетон йўлкалар устига плиткалар териб чиқилаётгани, кўчалар четидаги чимлар ўйиб ташланиб, гуллар экилаётганини кўрган бўлсангиз керак?

Мен гуллар экилишига қарши эмасман, асло. Бу шаҳарнинг кўркига кўрк қўшади. Аммо нега фақат марказга? Нега шундоқ ҳам обод ва яшил бўлиб турган жойларга? Нега бошқа туманлар кўримсиз ҳолатда қолаверади? Нега чеккароқ жойлардаги суғориш тизимлари таъмирланмайди, кўчалар тозаланмайди, гуллар ва дарахтлар экилмайди? Марказий кўчаларга гуллар экиш шарт эмас, яъни ўзи шундоқ ҳам чиройли, дарахтлар, буталар, газонлар ва гуллар бор. Нега шарт бўлмаган жойларга миллионлаб гуллар экиляпти?

Масаланинг энг асосий қисми: гуллар Flowers Garden компаниясига тегишли катта машиналарда олиб келиняпти. Тувак-тувак гуллар, масалан, Бунёдкор кўчаси бўйларига, "Халқлар дўстлиги" саройи яқинига экилди. Flowers Garden эса шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевга тегишли компания. Бюджет пулларини ўзлаштиришнинг яна бир йўлими бу?

Бордюрлар масаласида ҳам худди шу гап. Хадрадаги, "Дружба"даги ва яна қай бир кўчалардаги туппа-тузук, теп-текис бордюрлар олиб ташланиб, ўрнига янгилари қўйиляпти. Made by Durable Beton! Бу бетон заводнинг эгаси ким? Риторик савол-а?! А нима бўпти, бетон завод ишлаши, катта ҳажмда тинимсиз ишлаши учун унга доимий равишда янги буюртмалар керак ахир. "Бордюр кўпайиб кетдими омборда? Опчиқ, кўчадагисини бузиб, ўрнига янгисини қўй!" Шунақами?

Йўқ, мен тушунаман, агар қай бир бордюр синган ё уваланиб кетган бўлса-ю, алмаштирилса, лекин бут-бутун бордюрлар алмаштирилиб, теп-текис йўлкаларга плиткалар ётқизилишининг нима кераги бор? Нима, Тошкентда муаммо тугадими? Бошқа муаммо қолмадими? Чеккароқ туман ва массивларда йўллар, йўлкалар, бордюрлар, инфратузилма, яшиллик каби муаммолар бартараф этилди-ю, муаммо қолмаганидан янги нарсани бузиб, бошқа янгиси ўрнатиляптими?

Ўзим яшайдиган маҳалла яқинида одамлар йиллар давомида мурожаат қилсалар ҳам ҳеч ким асфальт автойўл тугул, ақалли пиёдалар йўлкаси қуриб бермаяпти.

Нима бу ўзи, а? Бюджет пуллари, халқнинг пули битмас-туганмасми? Шаҳарнинг эгаси биргина одамми? Қолганлар одаммасми?