2021-01-24 20:04:02
Илм олишдан энг олий мақсад унга амал қилишдир
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо бир йили Румга қарши Аллоҳ розилиги йўлида ғазотга чиқди. Қўшин қўмондони Молик ибн Абдуллоҳ Ал-Хасъамий бўлиб, у аскарларнинг аҳволини билиб туриш учун қўшин юриб кетаётганида ҳам уёқдан-буёққа айланиб юрар, уларга далда берар, ёши улуғларига муносиб эътибор ва ҳурмат кўрсатар эди.
Шу аснода қўмондон Жобир ибн Абдуллоҳнинг ёнидан ўтиб қолди. Қараса, у киши хачирининг жиловидан ушлаб, пиёда юриб кетяпти. Молик: "Эй Абу Абдуллоҳ, нима учун бунга минмаяпсиз? Ахир, Аллоҳ Таъоло сизга бир уловни бериб қўйган-ку", деди. Жобир ибн Абдуллоҳ унга: "Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг "Кимнинг икки оёғи Аллоҳнинг (розилиги) йўлида чангга беланса, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади",* деганларини эшитганман", деди.
Молик унинг ёнидан узоқлашиб, қўшиннинг бош қисмига етиб борди ва ортига бурилиб, баланд овозда Жобир ибн Абдуллоҳга "Эй Абу Абдуллоҳ, нима учун имконингиз бўла туриб хачирингизга минмаяпсиз?" – деб ҳайқирди. Жобир унинг мақсадини (бу ҳадисни бошқалар ҳам эшитишини истаётганини) тушунди ва (худди у каби) баланд овозда "Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг "Кимнинг икки оёғи Аллоҳнинг (розилиги) йўлида чангга беланса, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади", деганларини эшитганман", деди.
Бу гапни эшитиши билан одамлар уловларидан сакраб тушди, уларнинг ҳаммаси мана шу ажрга эга бўлишни хоҳларди... Одамлар пиёда аскарлари сони бундан кўп бўлган бирон қўшинни кўрмаган.
Илм олишдан энг олий мақсад унга амал қилишдир. Шунинг учун ҳам Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо эшитган ҳадисига амал қилди – миниб кетаётган хачиридан тушиб, Аллоҳнинг розилиги йўлида оёғи чангга беланишини истаб бир муддат яёв юрди. Шунинг учун ҳам у кишидан ушбу ҳадисни эшитган аскарлар ҳеч иккиланмай уловларидан сакраб тушишди ва эшитганларига амал қилишга шошилишди.
Cолиҳлар илмни ғоя, мақсад эмас, ўша ғояга – Аллоҳнинг розилигига элтувчи восита деб билар эдилар.
230 views17:04