Get Mystery Box with random crypto!

ҲАЖ УЧУН ОИША РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲО МАСЖИДИДАН ЭҲРОМ БОҒЛАШ КЕРАКМИ? | FATVO.UZ

ҲАЖ УЧУН ОИША РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲО МАСЖИДИДАН ЭҲРОМ БОҒЛАШ КЕРАКМИ?
#Ҳаж_умра

1259-CАВОЛ: Ҳаж вақтида Мадинадан умрага эҳром боғлаб Маккага бориб умра қилинади. Ҳаж вақти келганда Оиша розияллоҳу анҳо масжидига бориб эҳром боғлаш керакми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Маккада турган шахслар ҳаж учун Оиша розияллоҳу анҳо масжидидан эҳром боғланмайди. Балки ҳаж учун меҳмонхона ёки Масжидул ҳаромдан эҳром боғлайдилар.
Агар Маккада турган зиёратчи Оиша онамизнинг масжидларига бориб, ҳаж учун эҳром боғлаган бўлса, гуноҳкор бўлади ва ҳали амалларга киришмаган бўлса, Масжидул ҳаром ёки унинг атрофидан қайта эҳром боғлайди. Агар амалларга киришиб қўйган бўлса, қилган иши учун истиғфор айтади ва бир қўй сўяди. “Раддул муҳтор” китобида бундай дейилган:
فلو عكس فأحرم للحج من الحل أو للعمرة من الحرم لزمه دم إلا إذا عاد ملبيا إلى الميقات المشروع له كما في اللباب وغيره
“Зиёратчи эҳром боғлашда тескари иш қилса, яъни ҳаж учун Ҳилл (ҳарам чегарасидан, масалан, Оиша розияллоҳу анҳо масжиди)дан эҳром боғласа ёки умра учун ҳарам ичидан эҳром боғласа, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Агар ҳаж ёки умранинг ўзига тегишли бўлган мийқотга қайтиб, қайтадан эҳром боғласа, жонлиқ соқит бўлади. “Лубоб” ва бошқа китобларда шундай дейилган”.
“Ғунятун носик” китобида ёзилишича:
لو أحرم الحلي من الحرم للحج أو الحرمي من الحل فعليه الإثم والدم فإن عاد قبل شروعه سقط وإن عاد بعده بأن طاف الحلي شوطا أو وقف الحرمي بعرفة لا يسقط
“Ҳилл (мийқот билан ҳарам орасидаги ҳудуд)да яшовчи киши ҳаж учун ҳарамдан ёки ҳарамда турган киши Ҳиллдан ҳаж учун эҳром боғласа, гуноҳкор бўлиб, зиммасига жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Амалларга киришишдан аввал махсус мийқотга қайтиб эҳром боғласа, жонлиқ соқит бўлади. Аммо Ҳиллдаги киши тавофни бир айланишини қилган, ҳарамда турган киши Арафотда туриб қўйгандан кейин мийқотга қайтиб борса ҳам жонлиқ соқит бўлмайди”.
Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

Улашинг: @diniysavollar