Get Mystery Box with random crypto!

​​ИЖАРАГА ОЛИНГАН НАРСАНИ ИЖАРАГА БЕРИШ #ижара #ҳалол_ҳаром | FATVO.UZ

​​ИЖАРАГА ОЛИНГАН НАРСАНИ ИЖАРАГА БЕРИШ
#ижара #ҳалол_ҳаром

1247-CАВОЛ: Мен олдиндан бир йиллик ижара пулини тўлаб қўйиб, кейин ўзим қимматроқ пулга ижарага берсам бўладими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ижарага олинган нарсани ижарага бериш жоиз. Лекин бир қанча шартлар бор. Бу ҳақда “Фатовои Оламгирия” китобида шундай дейилган:
"وإذا ‌استأجر ‌دارا وقبضها ثم آجرها فإنه يجوز إن آجرها بمثل ما استأجرها أو أقل، وإن آجرها بأكثر مما استأجرها فهي جائزة أيضا إلا إنه إن كانت الأجرة الثانية من جنس الأجرة الأولى فإن الزيادة لا تطيب له ويتصدق بها، وإن كانت من خلاف جنسها طابت له الزيادة ولو زاد في الدار زيادة كما لو وتد فيها وتدا أو حفر فيها بئرا أو طينا أو أصلح أبوابها أو شيئا من حوائطها طابت له الزيادة، وأما الكنس فإنه لا يكون زيادة وله أن يؤاجرها من شاء إلا الحداد والقصار والطحان وما أشبه ذلك مما يضر بالبناء ويوهنه هكذا في السراج الوهاج".
“Бир ҳовлини (бинони) ижарага қабул қилиб олса, сўнг уни бошқага ижарага бермоқчи бўлса, ўзи олган нархга ёки ундан арзонроққа ижарага берса, жоиз бўлади.
Агар ўзи олган нархдан қимматроқ баҳога ижарага берса ҳам жоиз бўлади. Аммо бу ижараси учун олган ҳақи биринчи ижарадаги ҳақнинг жинсидан (масалан, сўмга олиб сўмга берса, долларга олиб долларга берса) бўлса, ортиқча олган пули унга ҳалол бўлмайди, уни садақа қилиши лозим бўлади.
Агар бошқага ижарага берганда иккинчи ижарачи томонидан бериладиган маблағ биринчи ижарачи томонидан бериладиган маблағнинг жинсидан бошқа (масалан, сўмга олиб, долларга берса) бўлса, унда ортиқча олган қиймати ҳам ҳалол бўлади. Агар ижарага олинган ҳовлига бирор қўшимча киритса, масалан қудуқ кавласа, қозиқ ўрнатса, лой билан шуваса, эшикларни тузатса ёки деворларини таъмирласа, шунда ҳам ортиқча олинган қиймат ҳалол бўлади. Аммо ҳовлини супуриб тозалаш қўшимча киритиш ҳисобланмайди.
Ижарага олган бино ёки жойни темирчи, тегирмончи, кир ювувчи каби бинога, жойга шикаст етказадиган ишлар билан шуғулланувчига ижарага бермайди”.
Шунга биноан сиз пулнинг жинсида ўзгариш қилсангиз ёки олган жойингизга матнда келгани каби ўзгартиришлар киритсангиз, олган ҳақингиз жоиз бўлади. Аммо ҳеч қандай ўзгартириш бўлмаса, олган ортиқча сумма ҳалол бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube | Instagram | Facebook |Ummalife

Улашинг: @diniysavollar