Get Mystery Box with random crypto!

Кўзингиз тушадиган жойга илиб қўйинг! Ҳаётингизни ўзгартиришн | 👨🏻‍🎓👩🏻‍🎓📚CHDPU KITOBXON TALABA 📚👩🏻‍🎓👨🏻‍🎓

Кўзингиз тушадиган жойга илиб қўйинг!

Ҳаётингизни ўзгартиришни истайсизми? Ишни ўзингиздаги баъзи камчиликларни тўғирлашдан бошлашга нима дейсиз? Масалан, кўнглингиз тусамаган таклифга рад жавобини бериш ҳам ўзингизга бўлган ишончнинг ортишига ёрдам беради. Демак, ўзгаришлар сари олға!

1. Дилозорларга вақт сарфламанг
Аслида ҳаёт қадрингизга етмаганларга вақт кетказиш учун камлик қилади. Шундай эмасми? Хўш, бу тоифадагилар билан муносабатларни мустаҳкамлашдан нима наф? Ахир ҳақиқий дўст хурсанд бўлганингизда ёнингизда турадиган эмас, қийинчиликда ҳам ёлғиз қолдирмайдиган инсондир. Кайфиятингизга ёмон таъсир қиладиган вазиятларга беэътиборроқ бўлинг.

2. Муаммодан қочманг
Уларга юзма-юз чиқишни ўрганинг, албатта, бу осон бўлмайди. Турмуш кутилмаган зарбалари билан ҳар қандай инсонни ҳам шошириб қўйиши мумкин. Сиздан эса барча муаммоларни бирваракайига ҳал қилиш эмас, шунчаки уларнинг мавжудлигини тан олиш талаб этилади, холос. Ёдингизда бўлсин, инсон хафа бўлишга, сиқилишга, қоқилиш ва йиқилишга мойил мавжудот. Аслида ҳаётнинг чин мазмуни ҳам шунда эмасми? Муаммоларга тик боқиб, уларни қадамма-қадам ҳал этишни ўрганинг.

3. Ўзингизни алдаманг
Ҳис-туйғуларнинг энг бемаъниси, бу — кишининг ўз-ўзига ачиниши. Турли вазиятлардан уддабуронлик билан чиқиб кетарсиз балки, аммо виждонингиз лофларингизга ишонмайди. Шунинг учун ҳақиқатни тан олинг.

4. Эҳтиёжларингизни қондиришни ўрганинг
Бошқаларга меҳр, эътибор бера туриб, баъзан ўзимиз ҳақимизда унутиб қўямиз. Яқинларни бир четга суриб, бор эътиборни ўзингизга қаратинг, деган фикрдан йироқмиз. Бироқ ҳар қандай вазиятда ҳам кўнгил эҳтиёжларини қондиришга имкон топа билинг. Агар дунёда қалбга қулоқ солиш учун бир лаҳза вақт ажратилган бўлса, демак, ўша лаҳза ҳозирдан бошланди.

5. Бошқанинг ниқобини кийманг
Турмушнинг энг мушкул дамларида ҳам ўзлигини йўқотмаган инсон чин инсондир. Тўғри, атрофда ақллироқ, чиройлироқ, чаққонроқ кишилар бисёр, лекин улар асло сизнинг ўрнингизни боса олишмайди. Шуни унутманг! Бошқалар учун ўзингизни ўзгартиришга уринманг. Ёдингизда бўлсин, сизни чин дилдан яхши кўрган инсон борингизча севади.

6. Ўтмишдаги хатолар учун ўзингизни айбламанг
Бир пайтлари йўл қўйган хатоларингизни такрор ва такрор хаёлингизда гавдалантирсангиз-да, тўғирлай олмайсиз. Улар янги ҳаёт бошлашингизга тўсқинлик қилади. Кўпинча хатолар тўғри йўлни топишга ёрдам берган. Аввал ҳаётингизда қандай воқеа бўлиб ўтганидан қатъи назар, у сизни келажакка тайёрлаганлигини тан олинг.

7. Хато қилишдан қўрқманг
Бирор ишни бажариб бўлгач, нотўғри эканлигини билиш, уни бажармай туриб афсуслангандан кўра афзалроқ. Ҳар қандай омад ортида ўнлаб, балки юзлаб омадсизликлар ётган бўлиши мумкин. Хато қилишдан чўчиманг, фақат камчилигингизни ўз вақтида тузатишга одатлансангиз, бас.

8. Бахт улашинг
Биз эгалик қилишни истайдиган нарсаларнинг аксари қимматбаҳодир. Аммо асл ҳақиқат шундаки, бизни бахтли қила оладиган туйғулар — муҳаббат, тинчлик, кулгу, хотиржамлик аслида бепул. Уларни ўз қўлимиз билан ярата олганимиз учун ҳам қадрига етмасмиз... Бу туйғулардан яқинларингизни бебаҳра қўйманг!

9. Кимдир сизни бахтли қилишини кутманг
Агар феъл-атворингиздан, ҳаётингиздан кўнглингиз тўлмаётган бўлса, бошқалар билан муносабатлар сизни бахтли қила олмайди. Ўз устингизда ишлашдан тўхтаманг. Ўзгаларга қувонч улашишдан аввал кўнгил хотиржамлигига эришинг.

10. Тўғри қарор қабул қилинг
Қарор қабул қилишдан аввал бот-бот ўйлайверсангиз, йўқ жойдан муаммо орттиришга одатланиб қоласиз. Яхшиси, вазиятга тўғри баҳо бериб, тезроқ қарор қабул қилишни ўрганинг!

@CHDPU_KITOBXONTALABA