Get Mystery Box with random crypto!

​​#йўл_бўлсин. Муаллиф: Азизахон Исмоилова. ЙЎЛ БЎЛСИН... | Channel by❤

​​#йўл_бўлсин.

Муаллиф: Азизахон Исмоилова.

ЙЎЛ БЎЛСИН...

7-қисм.



    Кечга сари зоғора бости қилиб едик. Оғзимга ёқди. Бўстонбу амманинг қўли жудаям ширин экан.
    Кейин ипак тараб бериб турдим. Завол вақтини ўтказиб бўлиб онам пилик ёруғида ўзи тикаётган дўппининг читасини чаён игнада илиб ўтирди. Бўстонбу амма кезак учун бўздан ип суғурди.
     Онам биз томонда кечаётган воқеалар: шаҳар ичи ва атрофидаги тўпалонлар-у талотўплар, ҳамма жойни ғайридинлар босиб кетгани-ю маҳалламизда бир тўп армани шароб дўкони очгани ҳақида тўлиб-тошиб бир нималарни гапирди.
     Роса гапга қизиқиб қулоқ солиб ўтиргандим. Онам мени пилик ёғи олиб келиш учун ташқарига чиқариб юборди. 
      Бировнинг уйи!
      Бировнинг уйида мен ниманиям топа олардим? Икки қўлим бўш, “тандир лабида ҳеч вақо йўқ экан!” деб сўппайиб яна ичкарига қайтиб кирдим.
     Онам шоша-пиша йиғидан қизарган кўзларини артди. Нимани гапириб йиғлаганларини билмадим.
     Бўстонбу амма ўрнидан қўзғоларкан, мени “айланай, ўзимнинг дастёр қизимдан!” деб алқаб қўйди. Бу аёлга элика бошлаганимни сездим. Пилик ёғи қуйилгандан кейин фонусимиз баландлаб ёнди. Онам деярли тайёр бўлиб қолган дўппиларни  бирин-кетин пилталашга тушди.



     Қоратепада онам билан бир ойдан ортиқ қолиб кетдик. Аммо ярим кун бўлсин, бўш ўтирганимиз йўқ. Бўстонбу аммага қўшилиб кундузлари пичан ғамладик, мол боқдик, экин экдик, жувариларни суғордик. Кечалари эса игна иши қилиб тунларни тонгларга уладик.
     Одамлардан роса пул қочган давр экан. Тиккан нарсаларимизга ҳаридор йўқ аммо Бўстонбу амма уларни шаҳарга тушиб, бир коса ёрма, арпа уни, оқшоқ ёки бир ҳалта уноби (чилон жийда), тут қоқи каби ейиш мумкин бўлган нарсаларга айирбошлаб кела бошладилар.
     Рўзғор қўйилди аммо онам Марғилондан қўйниғига солиб келган ипаклар-у кезаклар бизнинг шу эрмагимизни деб тугаб битди.
     Онам тиксам “юрагимнинг тугунлари ёзилади” дердилар. Шунинг учун бир нарсаларни ўйлаб, лабларини қаттиқ қимтиб олганча тикиш қилаётганларини кўрсам, иложи борича ёнларида миқ этмасдан ўтирардим.
 
Тешти кўксум, эзди бағрим доғи
Ҳижроним мани,

Бу оламда мунча ғамда
Чиқмаган жоним мани...

     Онам паст овозда Сўфи Оллоёрдан байтлар ўқирди. Ўша пайт тўлиқиб кетсалар бироз юракларини бўшатиб олиш учун йиғлаб ҳам олардилар. Мен ҳам ҳудди улар каби отамни, акамни, уйимизни қаттиқ соғинган эдим.
     Баъзан ўтиб кетган кунларимиз тушимга кирарди. Отам билан кенг далаларда сув тарардик, ишкомлардан узум узардик.
     Онам тушда узум кўришни йиғи-сиғи, кўз ёш деб таъбир қилардилар ва чиндан ҳам ўша куни ё мен, ё уларнинг ўзлари ниманингдир таъсирида албатта йиғлаб олардик.



Бўстонбу аммага анча ўрганиб қолдим. Кечалари сочимни тараб икки томонга чиройли қилиб ўриб қўядиган бўлдилар. Келганимиздан бери уч-тўрт мартадан зиёд бошимни ювиб, сочларимни қирқ кокил қилиб ўрдилар.
Бир марта шаҳардан писта мағиз рангига бўялган икки қулоч бўз олиб келдилар. Онам уни менга бурмали кўйлак қилиб тикиб берди.
Бўстонбу амма жуда кўп қизиқ-қизиқ воқеаларни биларди. Ўша воқеаларни эшитишга қизиққанимдан секин-секин онам билан иккалаларининг орасига кириб ётадиган бўлдим.
Бир куни уларга қулоқ солиб ётиб хаёлимга ғалати бир фикр келиб қолди ва ўйлаганимни дарров уларга савол қилиб бердим:
—Амма, сизам ҳеч бола туққанмисиз?
Бўстонбу амма хиёл жилмайгандек бўлди, хаёллари мен билмаган олис-олис уфқларга кўчди.
—Ҳа, Мамашариф акангни туққанманда қизим! Мендаям акангга ўхшагон чиройли бир ўғул бор.
—Унда ўша ўғлиз қани?
Амманинг нигоҳлари бошқача порлаб кетгандек бўлди:
—Келади насиб бўлса... Кўрасан!



Ниҳоят бизни олиб кетиш учун отам келди. Кўрдим: жуда озиб кетибдилар. Аввал бўйниларига осилиб роса йиғладим. Кейин дарров ўзимга келиб бир-бошдан нарсаларимизни чор тарафдан йиғиштиришга тушдим.
Нима-нималар билан келганимиз—деярли ҳаммаси эсимда. Таҳмондаги кўрпани биринчи бўлиб эшик ёнига олиб бориб қўйдим.
Келганимиздан бери унда ҳеч ким ўраниб ётмаган эди.

(Давоми бор)

@Ummuzaynabummuijodi