Get Mystery Box with random crypto!

​​#шарпа_билан_битим. Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu (309-сўнгги қ | Channel by❤

​​#шарпа_билан_битим.
Муаллиф: Ummu Zaynab Ummu
(309-сўнгги қисм)

Хотима ёки яна янги бир курашнинг бошланиши

Отаси ўзини хотиржам тутишга уринарди:
-Қизим ўзимиз ҳозир сенга телефон қилмоқчи бўлиб тургандик. Янгиликни бира тўла етказайлик дедик, уканг Мустафонинг- бугундан қўли ҳалол бўлди! Ҳозиргина меҳмонларни кузатиб бўлиб, телефонни эндигина қўлимга олдим. Мана энди унинг ўзи билан гаплаш!
Экран бир зум Надиманинг чеҳрасини ҳам силаб ўтди, чамаси у ҳам шу атрофда эди.
Алсунинг исми энди Мустафога ўзгарган укаси- Дима оқ жилд солинган кўрпа устида узала тушиб ётарди. Қўлида шойи боғлаб, рангдор тус берилган пишган туҳум, бошида эса оқ матога ўралган- Қуръон китоби!
Ўтган йили отаси- боланинг ўзи кўрган тушига кўра исмини Мустафога ўзгартирган, хужжатларини эса- оталикни қабул қилган ҳолда бошдан оёқ янгилаганди. Дима Ривкин исмли болакай энди- унинг қарамоғида тутинган ўғил сифатида Мустафо Гайбулин исм-шарифини олди.
Алсу оҳирги марта шу хужжат икир-чикирлари учун Россияга бориб келди, отаси қанчалик бу иш учун жон куйдирганини у яхши билади.
-Опа, мен яхшиман! Ҳавотир олманг...
Алсу тасаввурида ўзи ҳис қилган оғриқни сезиб, кўзларини юмиб олди, сўнг яна укасининг чеҳрасига тикилди. Боланинг ранги озгина ўчгандек турар, лекин опасига кайфиятини яхши кўрсатишга уриниб илжаярди.
-Ростдан ҳеч қаеринг оғримаяптими?
Бу саволга ҳам у афтини кулганга ўхшатиб қийшайтириб "йўқ!" деганча жавоб берди.
Шундан сўнг гўшакни Надима қўлига олди. Ўгай қизига ҳам унинг гапирадиган гаплари- бисёр. Зинғиллаб бориб, у укаси билан гаплашаётган пайти ўз нарсалари турадиган токчадан олиб келган тўқима кўйлакчасини Алсуга кўрсатди.
-Ёқасига марваридлар қўшиб тўқидим, тўғри сиз томонларда буни кийишга эҳтиёж йўқ, лекин тезроқ кичкина келиб қолмасдан келсаларингиз, Аҳсанга кийдириб кўрардик.
Алсу у тўқиган кўйлакнинг жимжима безакларига маҳлиё бўлиб қараб қолди: Надиманинг дарҳақиқат қўли гул!
Худди шу лаҳзада чакка пешонасига Фуаднинг лаблари тегди ва ёри сокин овозда пичирлади:
-Бизнинг ҳам янгилигимизни уларга айтмайсанми?
Алсу жим бўлиб қолди. Ниҳоят экрандаги уларга намойиш этилаётган кўйлакча четга ўтиши билан Надиманинг чеҳраси кўринди. Алсуга отасидан кўра бу гапни Надимага айтган қулайроқдек туюлди.
-Биз ҳам... Сизларга яна бир янгиликни айтмоқчи эдик... Насиб бўлса, яна бир набира...
Надима дарровда гўшакни эрига тутқазиб ўзи ҳам ёнбошда пайдо бўлди. Энди эр-хотиннинг иккиси ҳам Алсуга жавдираганча қараб туришарди.
Бир неча сониядан сўнг отаси ғўлдираб зўрға тилга кирди:
-Қизим, сизларни табриклаймиз, жуда кўп фарзандларнинг онаси бўлишингни тилайман, муҳими ёлғиз бўлманглар...
Фарзандларинг ҳам яхши инсонлар бўлишсин, куёвимни эса бизнинг номимиздан табриклаб қўй...
Алсу ёнбошига ўгирилди, шундан сўнг Фуад жилмайганча қайнотасига кўриниш берди:

-Ассалому алайкум вараҳматуллоҳи ва барокатуҳу!

-Ваалейкум ассалом вараҳматуллоҳи ва барокатуҳу...

Бурчакда эса қандайдир шарпа бугун қўли ҳалолланган Мустафонинг боши устидаги китобга тикилганча ўтирарди.

"Шайтон оми билан эмас, олим билан кўпроқ олишади!
Банданинг йиқилиши олдинга, у ўз Роббисига шу таҳлит сажда қилади...
Унинг тамомила зидди бўлган бошқа бир яратиқ-жиннинг йиқилиши эса орқага...
Уни бошқачасига йиқитиб бўлмайди. Магар-ки, у ҳам Роббисига сажда қилар экан, ундан сенга ҳавф йўқ!"

Мустафо Ғайбулла.



Тамом.


Ушбу асаримни Мустафо Ғайбулла образининг ҳаётдаги прототипи бўлмиш бобом- Исмоил Муҳаммад Юнус ўғли хотирасига бағишлайман.
Асардан ўзига қандайдир наф олганлар шу инсон ҳаққига бир ҳовуч дуо атаб қўйса, беҳад ҳурсанд бўлардим, ҳурмат билан муаллиф.

31.12.2020 йил, Қўқон. 20:16
(хижрий 1442 йил 15 ж-аввал)

Азизахон Исмоилова.
Таҳаллус: Ummu Zaynab Ummu

Эътиборингиз учун ташаккур!


@Ummuzaynabummu

https://t.me/joinchat/AAAAAFVFAZk-V-Xhcn0-fQ