Get Mystery Box with random crypto!

#saboq ОСМОНЛАР ВА ЕРЛАР ҲАҚИДА СЎЗ Аллоҳ субҳанаҳу ва тао | Бобур Бобомурод расмий канали

#saboq

ОСМОНЛАР ВА ЕРЛАР ҲАҚИДА СЎЗ

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳамма нарсадан илгари бир гавҳарни яратди. Бу гавҳарга ҳайбат назари билан қараган эди, у эриб кетди. Эриб сув бўлган гавҳардан ерни яратди. Сув устига тушгач, у кўпикланди. У кўпикдан тутун кўтарилди, у тутундан кўкни яратди. Ул сув Аллоҳ таолонинг ҳайбатидан қайнаб кўпикланди. Ул кўпикдан Каъбанинг ўрнича ерни яратди.
Шундан кейин осмонларни яратишга киришди. (Оятдан) «Сўнг осмон томонга юзланди ва уларни етти қават осмон қилиб яратди».
Осмонларни яратиб бўлгандан кейин аввалда яратилган ерни машриқдан мағрибгача ёзиб текислади. (Оятдан) «Ва ерни ундан кейин тўшади».
Бу ерлар ва осмонлар бир қават эди, қудрати билан осмонни ердан айирди, ҳар қайсилари етти қаватдан бўлди. (Оятдан) «Аллоҳ шундай зотки, у етти осмонни яратибдур ва ерлардан ҳам шунчани».
Бу етти ер устида сувлар яратилди. У ерларни ушлаб турмоқ учун тоғларни улар устига қозиқ қилиб яратди.

Аллоҳ таоло бутун оламни олти кунда яратди. (Оятдан) «Батаҳқиқ, Биз осмонларни, ерни ва уларнинг ўрталаридаги бор нарсаларни олти кунда яратдик».
Хабарда келтирилишича,
Якшанба куни осмонларни яратди;
Душанба куни ойни, қуёшни, юлдузларни яратиб, фалак ичида тургизди;
Сешанба куни қуш-қумирсқаларни, фаришталарни яратди;
Чоршанба куни сувларни яратди, шамолларни, булутларни чақирди, дарахтларни, ўт-ўланларни ундирди, ризқ-насибаларни улашди;
Пайшанба куни жаннат, дўзахни, раҳмат ва азоб фаришталарини, ҳурларни яратди;
Жума куни Одамни яратди;
Шанба куни ҳеч нарса яратмади.

Бу ҳамма нарсаларни ва яна минглаб нарсаларни кўз очиб юмгунча яратгувчи қудрати бор эди. Шунинг учун олти кунда яратдики, бунда бандаларига таълим бор эди: «Мен қодир бўлсам-да шошилиб қилмасман», деган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) деди: «Шошилиш шайтоннинг иши ва шошилмаслик Раҳмоннинг ишидур».

«Қиссаси Рабғузий»дан.

PS. Аллоҳ муборак жума куни хайру баракотидан ҳаммамизни баҳраманд айласин.

@bobur_bobomurod