Get Mystery Box with random crypto!

Ёмон Узоқ туриб қолса сув ҳам айнийди, Ўт қалаб турмасанг ён | Бекобод ҳаёти | Аллоҳ панохида асрасин сизни!



Ёмон

Узоқ туриб қолса сув ҳам айнийди,
Ўт қалаб турмасанг ёнмайди олов.
Эҳ дўстим, бир ўйлаб кўрсанг қанийди,
Демасдан «Ёмон у - фалончи биров».

Йўлдан тош олмасанг қоқилар кимдир,
Чуқурни ёпмасанг тушади шошган.
Ҳадеб ёғаверса зиёндир ёмғир,
Узоқ иссиқ бўлса ерда чанг ошган.

Ишлов берилмаса экин кўкармас,
Иморат қулайди томин ёпмаса.
Ҳеч инсон онадан ёмон туғилмас,
Ўзгарар дардига дармон топмаса.

Оёғин олганда озгина эгри,
«Менга нима» дея бурилган ҳам биз.
Дардин айтганида юраги оғриб,
Тингламай орқага сурилган ҳам биз.

Қўлимизни ўқтаб ўша ёмонга,
Камига «сийладик» хунук, бетамиз.
Вақтида бермадик ёрдам у жонга
Ё сохта мақтовла қўшдик ҳиссамиз.

Биз одам бўлсайдик, биз дўст бўлсайдик,
У ҳам яхши бўлиб улғаяр эди.
Дардга малҳам, камга кўст бўлолсайдик,
Дунё бир яхшига кўпаяр эди.

Бир она боламлаб йиғламас эди,
Панжара кўрмасди юрак парчаси.
Ёлғизлик аёлни тиғламас эди,
Бағрида бўларди барча-барчаси.

Қулфсиз қолмас эди ҳайҳотдай ҳовли,
Гул, райҳон шамолда соврилмас эди.
Боши эгилмасди ота-онанинг
Фарзандин доғида қоврилмас эди.

Дўстим, ортга қайтар бигиз қўлингни,
Қарагин, у кимни кўрсатди шу вақт.
Аслида ёмонлар асло ёмонмас,
Уларга бепарво биз ёмон фақат!

Нурхон Элмирзаева.

@bekobodhayoti