Get Mystery Box with random crypto!

Гаров ҳақида нималарни билиш лозим? Гаров – мажбуриятларнинг | Банк юристи

Гаров ҳақида нималарни билиш лозим?

Гаров – мажбуриятларнинг таъминлаш усулларидан бири. Гаров билан, асосан, пул мажбуриятлари таъминланади. Масалан, олди-сотди, ижара, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш, пудрат, қурилиш пудрати ва бошқа ҳар қандай мажбуриятда бир тарафнинг пул маблағларини тўлаш мажбурияти, ёки пул маблағларини тўлаш билан белгиланадиган жавобгарлиги, ҳаражатлари – неустойка (пеня ва жарима), ундирув ҳаражатлари – адвокатларга кетадиган маблағлардан тортиб мулкни реализация қилиш ҳаражатларигача гаров билан таъминланиши мумкин.

Гаров билан пуллик бўлмаган мажбуриятлар ҳам таъминланиши мумкин, лекин бунинг учун кредитор талабларини қаноатлантириш пуллик эквивалентга эга бўлиши лозим.

Юристлар гаров билан таъминланган мажбурият ёки асосий мажбурият деганда қарздор ва кредитор ўртасидаги мажбуриятни назарда тутишади. Масалан, олди-сотди, ижара, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш, пудрат, қурилиш пудрати ва бошқа ҳар қандай мажбурият.

Асосий мажбурият бўйича қарздор бу мажбуриятни бузса, кредитор асосий қарздорга бўлган ўз талабини гаров предмети – гаровга қўйилган объект қийматидан қаноатлантириш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда, албатта, бу ҳуқуқ қарздорнинг бошқа кредиторларига нисбатан имтиёзли суратда қондирилади.

Масалан, олди-сотди шартномаси бўйича сотиб олувчи пулни тўлаш мажбурияти мавжуд. Бу мажбуриятни таъминлаш учун сотиб олувчи ўзига тегишли асбоб-ускунани сотувчига гаровга тақдим қилади. Сотувчи пулни шартномада ёки қонунда белгиланган муддатда сотиб олувчидан олмагач, ундирув гаровга қаратилади. Бунда сотиб олувчининг бошқа кредиторлари бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар, сотувчи гаровдаги асбоб-ускунанинг сотилишидан тушган пулни ўзига тегишли қисмини биринчи бўлиб олади.

Гаров мулки ўз-ўзидан сотувга чиқарилмайди ёки сотувчига ўтиб кетмайди, бунинг учун гаров мулки суд орқали (суднинг қарори асосида) ёки суддан ташқари тартибда реализация қилиниши (сотилиши) лозим. Суддан ташқари тартибда гаровнинг сотилиши учун кредитор (бизнинг мисолда сотувчи) ва гаровга қўйган шахс (бизнинг мисолда сотиб олувчи) гаровни суддан ташқари тартибда келишуви бўлиши керак. Гаровни сотиш ўрнига кредиторда қолдирсаям бўлади, бироқ бунинг учун алоҳида келишув керак. Бу ҳақда батафсил ҳали ёзамиз.

Юристлар гаровни асосий мажбуриятга нисбатан акцессор, яъни қўшимча мажбурият деб аташади. Асосий мажбурият мавжуд бўлмаса, гаров ёки гаров ҳақидаги келишув ҳам мавжуд бўлмаслиги қўшимча мажбуриятнинг асосий табиатидир. Масалан, асосий мажбурият бирон-бир асосга кўра ҳақиқий эмас деб топилди, ёки тузилмаган деб топилди. Агар гаров айнан ҳақиқий эмас ёки тузилмаган деб топилган мажбуриятни таъминлаган бўлса, гаров ҳам ҳақиқий эмас бўлади ва ҳуқуқий оқибатлар туғдирмайди.

Гаров бир қанча белгиларга эга, бу белгиларнинг асосийлари – гаров устунлиги (ёки имтиёз ҳуқуқи), гаров билан таъминланган мулкга эргашиши (мулкдор ўзгарсаям, гаров ҳуқуқи қолиши), гаров эластиклиги (гаров мулки ўзгарсаям, гаров қийматига бўлган ҳуқуқ сақлаб қолинишидир). Булар ҳақида кейинчалик, насиб қилса, батафсил ёзамиз.

Уланинг ва яқинларингизга уланишни таклиф қилиш —- > https://t.me/bankyuristi