Get Mystery Box with random crypto!

​​ИПОТЕКА КРЕДИТЛАРИ БЎЙИЧА КЎПЧИЛИК СЎРАЁТГАН САВОЛЛАРНИНГ ЖА | 🇺🇿Банкир кундалиги

​​ИПОТЕКА КРЕДИТЛАРИ БЎЙИЧА КЎПЧИЛИК СЎРАЁТГАН САВОЛЛАРНИНГ ЖАВОБЛАРИ

САВОЛ:
Маҳаллада қўшним уйини сотмоқчи. Мен шу уйни сотиб олишим учун банкдан кредит сўрасам, банк фақат янги қурилган уйлар учун ипотека кредити бериши мумкинлигини айтди. Қўшнимнинг уйини сотиб олиш учун банкдан ипотека кредити олишим мумкинми? 

ЖАВОБ:
Албатта, мумкин.
Бугунги кунда 8 та тижорат банклари (Ипотека-банк, Асака банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Қишлоққурилишбанк, Туронбанк, Агробанк, Ҳамкорбанк ва Халқ банки) томонидан “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ маблағлари ҳисобидан бирламчи ва иккиламчи уй-жой бозоридан квартираларни сотиб олиш учун 20 йил муддатга 323,0 млн. сўмгача, уй-жой таъмирлаш учун эса 10 йил муддатга 80,0 млн. сўмгача ипотека кредитлари ажратилмоқда.

Бунда бошланғич бадал миқдори сотиб олинадиган уй-жой қиймати ва таъмирлаш учун лойиҳа смета қийматининг 25 фоизини ташкил этади.

Ушбу фуқаро мазкур уй-жойни сотиб олиш учун юқорида келтирилган тижорат банкларидан белгиланган тартибда ипотека кредити олиши мумкин.

САВОЛ:
Иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олмоқчиман, лекин банкка мурожаат қилганимда менинг ойлик даромадларим етмаслигини айтишди, ушбу ҳолатда яқин қариндошларим даромадини ҳам тақдим этсам бўладими?

ЖАВОБ:
Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ маблағлари ҳисобидан юқорида қайд этилган 8 та тижорат банклари томонидан ажратилаётган ипотека кредитларини олишда фуқароларнинг қарз юки кўрсаткичи 50 фоиздан юқори бўлмаслиги лозим.

Фуқароларнинг даромадлари етмаган тақдирда бир уйда истиқомат қилувчи сифатида доимий рўйхатдан ўтган яқин қариндошларининг даромадларини тақдим этиши мумкин.

Шунингдек, Янги тартиб доирасида ипотека кредити олишда фуқароларнинг қарз юки кўрсаткичи 70 фоиздан ошмаслиги лозим.

Ипотека кредит олишда фуқароларнинг даромадлари етмаган тақдирда ўзи билан бирга яшамаётган яқин қариндошларининг даромадларини, шунингдек, Давлат солиқ хизмати органи томонидан уй-хўжалигидан олинган даромадларни акс эттирувчи декларация ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа даромадларни тасдиқловчи маълумотлар тақдим этиши мумкин.

САВОЛ:
Иккиламчи бозордан квартира сотиб олмоқчиман, дастлабки бадални қоплаш учун субсидия олсам бўладими?

ЖАВОБ:
Йўқ.
Субсидия маблағлари Янги тартибга доирасида бирламчи уй-жой бозоридан квартира сотиб олишда дастлабки бадал ва/ёки фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун ва якка тартибдаги уй-жойни қуриш (реконструкция қилиш) учун эса фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун ажратилади.

САВОЛ:
Мен янги тартиб доирасида барча шартлар ва ҳужжатларга мувофиқ банкка кредит сўраб мурожаат қилдим. Шунда ҳам банк менга кредит ажратмади. Бу борада кимга қилсам бўлади?

ЖАВОБ:
Янги тартиб доирасида ипотека кредити олиш учун фуқароларга ўрнатилган мувофиқлик мезонлари бўйича ўтмоқчиман:

18 ёшга тўлган ва 60 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши;

доимий даромадга, шунингдек, ипотека кредити бўйича ҳисобланган фоизларни ва асосий қарзни қайтариш имкониятига эга бўлиши; 

қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг қарз юки кўрсаткичи 70 фоиздан юқори бўлмаслиги; 

аввалги олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги;

cотиб олинадиган квартира қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бошланғич бадални шакллантириш имкониятига эга бўлиши ва бошқа мувофиқлик мезонлариги мос бўлиши лозим.


Тижорат банклари фуқаролар мазкур мувофиқ мезонларига мос келмаганда янги тартиб доирасида ипотека кредитлари ажратишни рад этиши мумкин.

Юқорида қайд этилганлардан бошқа асоссиз ҳолатларда ипотека кредити ажратилиши рад этилганда ёки кечиктирилганда фуқаролар Марказий банкнинг 71-200-00-44 ёки 71-212-62-05 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилади.

Марказий банк Департамент директори Камрон ЎТБОСАРОВ жавоб берди.

️️ «Банкир кундалиги» каналига аъзо бўлинг