2022-08-28 23:35:38
Сиз мени билмайсиз, билмайди дунё.
Уйғондим дунёлар ёришмасидан.
Мендан маъдан излар ҳамон ал-кимё,
Қаҳр ва севгининг қоришмасиман.
Кўзларим – харита, адаштиради.
Қараманг, демайман.
Майли, адашинг.
Сизни топиб олай кўзим қаъридан,
Ўзни йўқотишим – сизга қарашим.
Суҳробни танийсиз, у ҳам мен эмас.
Зулматга йўғрилар сиз билган Зиё,
Тилсимлаб ташланган ғордай безабон…
Сиз мени билмайсиз, билмайди дунё.
Қандай яшашимнинг қизиғи ҳам йўқ,
Чаёнман – тилимда ишқнинг заҳри бор.
Сиз менинг кўнглимда бўлмас экансиз,
Қандай яшамоқнинг нима фарқи бор?
Cуҳроб Зиё
1.6K viewsZebo Akbarovna, 20:35