2023-03-28 08:25:49
#ҚАЛБ.
Орифлардан Зуннун Мисрий сиқилдилар, паришон бўлдилар. Зое бўлгандай ҳис қилдилар ўзларини. Сўрадилар:
"Қалбим қаерда, қалбим қани, қалбим қаерга йўқолди?".
Бу ерда эътибор беришимиз керак бўлган бир гап бор. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ:
"Ким намоз ўқиб ҳеч нарсани ҳис қилмаса, қуръон ўқиб ҳеч нарса ҳис қилмаса, Аллоҳни зикр қилиб ҳеч нарсани ҳис қилмаса билсинки, унинг қалби йўқ экан", дейдилар.
Қалбларини йўқотган Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ бир кўчада кетаётган эдилар. Бир эшик очилиб бир она ўз боласини ташқарига олиб чиқди. Уни уриб-уриб ташқарида қолдирди ва эшикни ичкаридан ёпиб олди. Бола йиғлай бошлади. Қаерга боради? Ким унга овқат беради? Қаерда ухлайди?
Бола яна эшик олдига бориб йиғлай бошлади. Она тирқишдан қараб раҳмати жўш урди. Эшикни очиб боласини қучоқлаб деди:
"Эй болажоним! Мени шундай қилишга сен мажбур қилдинг. Агар итоат қилганингда мен сени урмас, азоб бермас эдим".
Орифи биллоҳ Зуннун Мисрий дод деб йиғлади:
"Қалбимни топдим, қалбимни топдим...".
Яъни, сенга етган мусибат ва азоб Аллоҳнинг раҳматидан ўзга нарса эмас. Аллоҳ сени муолажа қилмоқчи бўлди, эътиборингни қаратмоқчи бўлди. Аллоҳ сенга қанчалар азоб бермасин сен Унга қайтавер...қайтавер. Зеро борадиган бошқа жойинг ҳам йўқ...!
Муҳаммад Ротиб Нобулсий.
Абдулқодир Полвонов таржимаси.
538 views05:25