Get Mystery Box with random crypto!

Мактубларим Эрта учган турналар Нега эрта кетдингиз, Кўзлар | ДУНЁ 🌿🌿🌿🌹🌹🌹🌹🌿🌿🌿

Мактубларим

Эрта учган турналар
Нега эрта кетдингиз,
Кўзларимга ишқ деган
Сўзларингиз битдингиз,
Қайлардасиз хокисор,
Қаерларга етдингиз,
Юрагимда битилган
Мактубларим бор эди.

Эҳ, бунчалар шошасиз,
Кўнглимдаги хур қушлар.
Битта умидим сизсиз,
Юраккинамни хушлар.
Қароғимга илинар
Кўкдаги мовий тушлар,
Сизга ҳар тонг йўлловчи
Мактубларим бор эди.

Энди менга ачинманг,
Рўёларга айландим.
Буткул сизга бегона
Дунёларга айландим.
Осмонларда порлаган
Зиёларга айландим,
Қўлларимда қор каби
Мактубларим бор эди.

Вужудимга яширдим
Муҳаббатим ишқимни,
Гулларга тўкиб бўлдим
Кўзимдаги ашкимни,
Оловлардек қаладим
Оташ каби рашкимни,
Битта дунё бўлгувчи
Мактубларим бор эди.

Умида АЪЗАМ
2022.03.12.

@armon5774