Get Mystery Box with random crypto!

​​Бугун Ўзбекистон халқ шоири марҳум устоз Анвар Обиджон туғил | АНТИДЕМИДРОЛ 😎😀🤔

​​Бугун Ўзбекистон халқ шоири марҳум устоз Анвар Обиджон туғилган кун!

Мен болалигимда меҳр қўйиб, Анвар Обиджон устознинг асарларини ўқиб улғайдим. Адашмасам 70-80 фоиз асарларини ёддан билардим. Айниқса уста Гулматнинг ғазалларини ва бошқа ҳажвий шеърларини ёддан айтиб берардим. Ҳажвчиликка у кишининг асарларига ишқибоз бўлиб қўл урганман. Катта шоир бўлсалар, учрашиш насиб этармикин деган ўй доим миямда чарх урарди. Ҳажвияларимни "Табассум" радиожурналида, маҳаллий ва Республика матбуотида бериб боришарди. Кейинчалик қоралаб қўйдиму, насиб қилса Анвар Обиджонга олиб бораман, кўрсатаман ва китоб қилиб чоп эттираман деган орзу билан юрдим. 2010 йили мен орзу қилган кун келди. Эсимда биринчи борганимда, қўрқув, ҳаяжон билан кириб борганман.
Ўша куни уйларида мен билан бирга марҳум Турсунбой Адашбоев, шогирдларидан журналист Соҳибжон Алижонов, Muhammad Temur A'zam ва мени олиб борган Анвар ака Жабборов бор эдилар. Роса меҳмондорчилик, мушоира бўлди. Гулматхонлик ҳам қилдик. Устознинг самимийлиги, камтарлиги ва олийжаноблигини кўриб хавотирим йўқ бўлди ва ниятимни уялиброқ айтдим. Қораламаларимни ташлаб кетдим.
Шу даражада эътиборли инсон эдиларки, ҳар куни ўқиб, қаерига нима ўзгартириш киритишни эринмай, қўнғироқ қилиб, айтардилар. Шахсни, миллатни эмас, иллатни устидан кулса халқона хажвия бўлади, биров оғринмайди дердилар. Хатто лақаблар тўғрисидаги хангомаларимни ўқиб, ҳар бир лақаб эгасидан розилик олинг деб тайинладилар. Шунга ўзи бир йил вақт кетди.
2014 йил китоб нашрга тайёр бўлди ва ўзларининг сўзбошлари билан нашр қилинди. Кейинчалик ҳам кейинги китобимга кўп бориб, маслаҳатларини олдим. Деярли тайёр бўлиб қолганиди. Кузгача нашр қилдирамиз деганидилар. Армон бўлиб қолди...
У инсондан энг кўп ўрганганим адабиёт, ижодгина эмас, инсоний фазилатлар ибрат бўлиб қолди, йўлларини беришни сўраганимда фазилатлариниям доим сўрайман.
Устозимдан бир умр миннатдорман, доим ҳақларига дуодамиз! "Энг аввал яхши одам бўлиш керак, кейин яхши шоир (ёзувчи) бўлади" - деган эдилар.
Оллох рахматига олсин, жойлари жаннатда бўлсин илохим!