2020-12-09 23:34:50
ЎЗБЕКИСТОНДА ЭНГ КЎП ИЖРО ЭТИЛАДИГАН МУСИҚА
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган. Конституциянинг 5-моддасида
“Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга” деб белгилаб қўйилган. Бироқ Конституция қабул қилинган вақтда Давлат мадҳияси мавжуд бўлмаган. У орадан бир кун ўтиб, 10 декабрда қабул қилинган. Қабул қилинган деганда,
“Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганлиги назарда тутилади. Демак, ушбу қонун 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган ва унинг асосида Давлат мадҳияси тасдиқланган. Бугун ана шу санага 28 йил тўлди.
Давлат мадҳиясининг матни ва мусиқаси қабул қилинишидан олдин матбуотда эълон қилиниб, умумхалқ муҳокамасига қўйилган. Давлат рамзларини ишлаб чиқиш бўйича ташкил этилган махсус комиссия умумхалқ муҳокамаси жараёнида келиб тушган таклифлар ва фикр-мулоҳазаларни умумлаштириб борган. Давлат мадҳиясининг матни ва мусиқаси парламентда муҳокамага ва овозга қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси шеърий матнининг учта варианти овозга қўйилган. Мана ўша вариантлар:
БИРИНЧИ ВАРИАНТ.
Абдулла Орипов сўзи, Бахтиёр Алиев мусиқаси
Минг йиллар қаъридан келар карвонинг,
Ҳақ йўлга бошлайди одил имонинг,
Жаҳонда ягона Ўзбекистонсан
Маърифат, истеъдод бўлғай сарбонинг.
Оқар дарёларинг ҳайқириб оқсин,
Қуёшдек порлаган бахт кулиб боқсин,
Дўстга дўст, бағри кенг, яшнаган диёр
Сенга ҳам тоабад тангри бўлсин ёр.
Ватанга посбондир фарзандлар ҳушёр,
Истиқлол сен учун мангу барқарор,
Инон ўз кучингга Ўзбекистоним
Қудратли аждодлар руҳи сенга ёр.
Оқар дарёларинг ҳайқириб оқсин,
Қуёшдек порлаган бахт кулиб боқсин,
Дўстга дўст, бағри кенг, яшнаган диёр
Сенга ҳам тоабад тангри бўлсин ёр.
ИККИНЧИ ВАРИАНТ.
Абдулла Орипов сўзи, Мутал Бурхонов мусиқаси
Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!
Яшнагай то абад илму фан, ижод,
Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!
Олтин бу водийлар — жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!
Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,
Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!
Истиқлол машъали, тинчлик посбони,
Ҳақсевар, она юрт, мангу бўл обод!
Олтин бу водийлар — жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!
УЧИНЧИ ВАРИАНТ.
Мирпўлат Мирзо сўзи, Рустам Абдуллаев мусиқаси
Уйғонар чўққилар устида офтоб,
Ям-яшил водийга сочиб олтин нур,
Ўзбеклар юрти бу – навқирон, озод
Заминда музаффар ўлкасан, мағрур.
Қўлларни қўлларга озод ватан учун берайлик,
Эллардан элларга ҳур диёр сифатин тарайлик.
Сўнмас руҳимизда матонат асло
Туркистон наслимиз меросдир бардош,
Азалдан қалбларда ўчмаган зиё
Барҳаёт сиймолар санга бўлди бош.
Қўлларни қўлларга озод ватан учун берайлик,
Эллардан элларга ҳур диёр сифатин тарайлик.
Бизни тангри қўллар, дунёлар чорлар,
Тарк этмас истиқлол энди умрбод,
Қалбларда ҳаётга муҳаббат порлар,
Муқаддас тупроқни этурмиз обод.
Қўлларни қўлларга озод ватан учун берайлик,
Эллардан элларга ҳур диёр сифатин тарайлик.
Депутатлар юқоридаги учта матн вариантини мусиқалари билан бирга тинглашган. Овозга қўйиш йўли билан иккинчи вариант қабул қилинган.
@AliRahmon2020
224 views20:34