Get Mystery Box with random crypto!

УЛУҒИМСАН ВАТАНИМ!         Мен дунёни нима қилдим, Ўзинг ёру | 𝗔𝗱𝗮𝗯𝗶𝘆𝗼𝘁 𝗢𝗹𝗮𝗺𝗶

УЛУҒИМСАН ВАТАНИМ!        

Мен дунёни нима қилдим,
Ўзинг ёруғ жаҳоним,
Ўзим хоқон,
Ўзим султон,
Сен тахти Сулаймоним,
Ёлғизим,
Ягонам дейми,
Топинган кошонам дейми,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним…

Шодон куним гул отган сен,
Чечак отган изимга,
Нолон куним юпатган сен,
Юзинг босиб юзимга.
Синглим дейми,
Онам дейми,
Ҳамдарду ҳамхонам дейми,
Офтобдан ҳам ўзинг меҳри —
Илиғимсан, Ватаним.

Сен Машрабсан,
Халқда тумор,
Балхда дорга осилган,
Навоийсан, шоҳ ёнида
Фақирни дуо қилган.
Яссавийсан, меники деб,
Кўринган даъво қилган,
Минг бир ёғи очилмаган
Қўриғимсан, Ватаним.

Сен Хўжандсан,
Чингизларга
Дарбозасин очмаган,
Темур Малик орқасидан
Сирдарёга сакраган,
Муқаннасан қорачиғи
Оловларга сачраган,
Широқларни кўрган чўпон
Чўлиғимсан, Ватаним.

Ким Қашқарни қилди макон,
Ким Энасой томонда,
Жалолиддин — Курдистонда,
Бобуринг — Ҳиндистонда,
Бу қандай юз қаролиғ деб,
Ётарлар зимистонда,
Тарқаб кетган тўқсон олти
Уруғимсан, Ватаним…

Ўғлим, десанг осмонларга
Ғирот бўлиб учгайман,
Чамбил юртда Алпомишга
Навкар бўлиб тушгайман,
Падаркушдан пана қилиб
Улуғбегинг қучгайман,
Ғичир-ғичир тишимдаги
Сўлиғимсан, Ватаним…

Ўтган кунинг — ўтган кундир,
Ўз бошингга етган кун,
Қодирийни берган замин,
Қодирийни сотган кун.
Қўлин боғлаб,
Дилин доғлаб,
Етаклашиб кетган кун,
"Воҳ болам" деб айтолмаган
Дудуғимсан, Ватаним.

Ёнингда қон йиғлаган бир
Шоирингга қараб қўй,
Гар Қўқонга йўлинг тушса,
Детдомларни сўраб қўй.
Ҳеч бўлмаса Усмон хокин
Келтирмоққа яраб қўй,
Олисларда қуриб қолган
Қудуғимсан, Ватаним…

Сен — шохлари осмонларга
Тегиб турган чинорим,
Ота десам,
Ўғлим деб, бош
Эгиб турган чинорим,
Қўйнимдаги ифтихорим,
Бўйнимдаги туморим,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним!

Муҳаммад Юсуф
t.me/Adabiyot_olami
t.me/Adabiyot_olami