Get Mystery Box with random crypto!

9 май яқинлашгани сари, ўроқ-болғали байроқни кўтариб юриш ишт | 🌶 Achchiq So'z

9 май яқинлашгани сари, ўроқ-болғали байроқни кўтариб юриш иштиёқмандларининг “Ўлмас полки” яна муҳокама мавзуси бўлиб юзага чиқа бошлайди. Путин Россиясининг пропаганда воситаларидан бирига айлантирилган бу тадбирнинг ўтказилишига Ўзбекистон расмийлари қонуний қаршилик қилолмасин дея унинг ўзимиздан чиққан ташкилотчилари бир йил роса ишлашибди (мақсадига етолса, уларнинг ишини ўрганса арзигулик). Ҳайрон қоласиз — Тошкентда қизил байроқ остида юриш қилиш учун улар СССР Олий Совети Президиумининг 1988 йилдаги фармонини асос қилиб кўрсатаётган экан. Шу асос билан Конституциявий судимизга ҳам мурожаат қилишибди. Қизиғи, Конституциявий судимиз СССРнинг ўша фармони мустақил Ўзбекистонимизда ҳали ҳам амалда (!) эканини таъкидлабди.

Ўшаларнинг ёзишича, 28 март куни Тошкент шаҳар ИИББда бўлган учрашувда бошқарма ходимлари “полк”чилар ўз юришини ўтказиши учун уларга ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган — қизиқ, ИИББ ҳамманинг ҳам шу “полк”никига ўхшаш кўча юришларини ўтказишга ёрдамни кўрсатишга тайёрмикин? (албатта, бу ерда бир “лекини” бор — ИИББдагилар ёрдам кўрсатилиши учун бошқа органлар, аниқроғи, шаҳар ҳокимлигидан кўрсатма кераклигини айтган; “полк”чилар қонунчилигимизни шунчалик сув қилиб ичиб юборибдики, ИИББ уларнинг илтимоси бўйича қарор қабул қилиши учун бошқарма ҳеч кимдан кўрсатма олиши шарт эмаслигини ИИББга ҳижжалаб тушунтириб берибди).

Шунақа вақт майда, лекин ёқимсиз деталлар ҳар доимгидан ҳам ёрқинроқ кўринаверади. Агар рухсат берилса, “Ўлмас полк”нинг юриши Биродарлик қабристонидан бошланиб, Grand Mir меҳмонхонаси олдидан Миробод кўчасига бурилиб, Хотира майдонидаги Мангу оловгача давом этаркан. Эълон қилинган чизмада (ИИББга ҳам шу харита берилган бўлса керак) меҳмонхона номи “Россия” деб кўрсатилибди. Тўғри, халқ орасида ҳали ҳам шу ном машҳурроқ, бошқа “полкпарастлар”га тушунарлироқ бўлсин дейишгандир, балки. Лекин, шунча хат-ҳужжатда ҳар нарсани ўз (расмий) номи билан атаб, харитага келганда меҳмонхонанинг эски номини эслаб қолишгани ғалати кўринди.

Яна бир жиҳат: ИИББ бошлиғи номига берилган аризада ўтказилмоқчи бўлинаётган тадбир шундай аталади: “1941—1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 77 йиллигига шарафига ‘Ўлмас полк’ халқ-ватанпарварлик юриши”. Шу тадбирни ўтказиш ишқидаги фаолларнинг Телеграмдаги канали таърифига эса бундай ёзилган: “1941—1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушидаги СССР Ғалабаси шарафига ‘Ўлмас полк’ халқ-ватанпарварлик юриши ва шунга боғлиқ мавзулар”. ИИББга берилган аризада ғалаба СССРники эканини эслатишмабди. Шу жойида сал ҳижолат бўлишган, шекилли. Ўзларининг носамимийликларидан, мақсадлари бор-йўғи ўша урушда ҳалок бўлганларни эслаш эмас (шугина бўлса, байроқ кўтариб, кўчада юриш шарт эмас-ку), мақсадлари сал бошқачароқ, сал сиёсийроқ эканидандир, балки.

Дарвоқе, Тошкентда “Ўлмас полк”ни ўтказиш учун қонунчилигимиз билимдонига айланган ўша фаолларнинг ўша каналида харковлик бир коллаборационист (ўзбекчасига айтганда — қип-қизил сотқин)нинг СССР байроғи фонида украиналик ҳарбийлар ва полициячиларга йўллаган видеомурожаати берилган экан. Сотқин ўз мурожаатида украиналикларни қаршилик кўрсатишдан тийилиб, “махсус операция”ни қўллаб-қувватлашга ва Киев сари юришга қўшилишга чақирган. Канал муаллифлари бу видеодаги фақат бир нарсага — байроққа эътибор қаратган: “Мана шу тўғри. Бу ерда СССР байроғи ҳақиқатан ҳам фашизмга қарши турибди ва миллатларга ажратмаган ҳолда халқлар дўстлигини ифодаламоқда” (афтидан, Киевда ростдан ҳам фашистлар ўтирибди, демоқчи). Каналда Украинага алоқадор яна бир-икки видео бор. Ўзбекистонда “Ўлмас полк” ўтказиш орзумандлари ўша видеолар бўйича тахминан шундай фикрлар қолдирган: “Қаранг, танклардаги СССР байроқларида ўроқ-болғалар қийшиқроқ, нотўғрироқ экан. Алиэкспрессдан олинган-да, у ерда шунақа хато варианти сотилади. Яхшиси қўлда тайёрлаган маъқул”.

Энди мен шу одам(лар) Тошкент марказида тўда-тўда бўлиб, фақат ва фақат урушда ҳалок бўлган ота-боболарини хотирламоқчи эканига, шундан бошқа мақсадлари, айниқса, сиёсатга алоқаси йўқлигига ишонишим керак.