Get Mystery Box with random crypto!

Бир-икки нарсаларни кўриб, одамни кулгиси келади. 1. Россияда | 🌶 Achchiq So'z

Бир-икки нарсаларни кўриб, одамни кулгиси келади.

1. Россияда ҳозир “Россия 24”дагидан бошқачароқ ахборот бераётган барча ахборот каналлари ёпилмоқда, тақиқланмоқда, тўсилмоқда. Euronews ҳам шу қаторга тушган, у Россия ҳудудида блокировка қилинган. Қизиғи, “Россия 24”нинг эгаси ҳисобланган Бутунроссия давлат телевизион ва радиоэшиттиришлар компанияси (ВГТРК) Euronews’нинг акциядорларидан бири экан. “Барибир жуда чиройли манзара юзага келяпти: Россия давлати Россия ҳудудида Россия давлат телерадиокомпаниясига тегишли мулклардан бирини тақиқлади” (#).

2. Facebook, Instagram, WhatsApp’га эгалик қилувчи Meta компанияси фаолияти Россияда экстремистик деб топилди ва тақиқланди (лекин шу жойнинг ўзида истисно бор — Facebook ва Instagram блокировка қилинган, лекин WhatsApp’дан фойдаланиш мумкин — қаердадир мулоқот қилиш керак-ку). Россия қонунчилигига мувофиқ, Россиядаги ОАВлар экстремистик Meta’нинг тақиқланган сервислари ҳақида ёзаётганида Meta Россияда экстремистик деб топилиб, фаолияти тақиқланганини эслатиши керак. Ҳар сафар. Ҳар доим.

Жуда кулгили манзара ҳосил бўлмоқда: Россиянинг АҚШдаги элчихонаси Фейсбукдаги саҳифаси орқали (!) қайсидир воқеа-ҳодисага муносабат билдиргани ҳақида ёзаркан, айни шу вақтда рус матбуоти Фейсбукка эгалик қилувчи Мета компанияси Россияда экстремистик ташкилот деб топилганини ҳам эслатиши керак. Бир хатбошининг ўзида. Кулгили-да, ростдан ҳам: сен шу қадар қудратли давлатсанки, жаҳондаги энг оммабоп ижтимоий тармоқни экстремистик деб топиб, унинг фаолиятини тақиқлайсан, айни вақтда шу қадар ночорсанки, сендек қудратли давлат ҳақида уйдирма тарқатаётганларга жавоб қайтариш учун ўзинг экстремист деб эълон қилганларингнинг сервисларидан фойдаланишга мажбурсан.

Шу ҳолат бўйича яна бир қизиқ коммент: “Россия нафақат Россияда тақиқланган ‘Толибон’ террорчилик ташкилоти билан музокаралар олиб боришга, балки экстремистик Meta компаниясининг сервисларидан фойдаланишга тайёр”.

Фақат бу ҳол уларнинг ўзига ғалати кўринмаётгани ғалати.