Get Mystery Box with random crypto!

​#бугуннинг_шеъри Тонг сахардан шаҳдим зўр, Ё эсимни еб қўйд | Abdusamad_city | Rasmiy kanali

​#бугуннинг_шеъри

Тонг сахардан шаҳдим зўр,
Ё эсимни еб қўйдим.
Шу бугун ўзим учун
Яшагайман деб қўйдим.

Энди сира ишим йўқ ,
Нонушта деб чопмайман
Уйқучи келинимнинг ,
Бугун айбин ёпмайман.

Чой тайёр келинжон деб,
Деразасин чертмайман,
Қайнотаси бир сўкса ,
Кўзин ёшин артмайман.

Зир-зир югур , зир - зир чоп ,
Менга зарур келдими?
Шунча қилдим ҳаракат ,
Келин қадрим билдими ?

Ҳомиладор деб бугун,
Айланиб ўргилмайман
Ёнига туша солиб ,
Ҳизматини қилмайман.

Ундан кўра ўзимга ,
Аёл бўлиб бир қарай.
Кўнгил деган сирдошим ,
Кунига бир кун ярай.

Сочимни парваришлай,
Ўсма қўяй қошимга
Бундоқ одми кийимлар ,
Сира мосмас ёшимга

Шартта отланиб чиқиб,
Отчопарга бораман
Янги мавсумга хиллаб,
Либос сотиб оламан.

Қайтишимда онамни ,
Бир бор йўқлаб қайтаман
Келиндан боплаб ўчим ,
Олганимни айтаман.

Ростин айтсам уятдир
Синглим кўрмам неча ой ,
Йўл устда кириб ўтсам,
Севинади ҳойна- ҳой .

Бугун учун режам шу,
Тузганим нақддир бекам
Ногоҳ юрагим тилга ,
Кириб деди:

-Ҳой, эркам !

Бир эслаб қўй ўтмишинг ,
Сен ҳам келин бўлгансан
Кунда силланг қуриган,
Гоҳ дард чекиб сўлгансан.

Ҳали ёшсан, кучинг бор
Не бўлибди қўйсанг чой?
Шу кичкина ишингдан,
Келин рози ҳойнаҳой...

Тан олиб уйингни-уй
Эркалигин қилгандир,
Балки дилидан суюб,
Сени она билгандир.

Кимдир қандай йўл тутар,
Ким маслаҳат айтади.
Шуни яхши ёдда тут ,
Қайтар дунё қайтади !

Бир кун бошинг ёстиққа ,
Тегиши бор ҳақиқат
Ўша дамда ғамингни ,
Келининг еркан фақат

Дунёдан ўтсанг ,кимлар
Йиғлар , дилин доғларкан
Билгин жағингни фақат,
Шу келининг боғларкан .

Бўлди ,етар энди бас ,
Айтмайман ортиқча гап
Келиним жон ардоғим,
Мен яна сизнинг тараф.

Ўтин ёриб самовар ,
Қўймайман- ку мен ахир ,
Тайёр газга чой қўйиш,
Юмуш бўбтими оғир ?

Нон тайёр, қаймоқ тайёр ,
Столга қўйсам бўлди.
Лимон чой , ширинлик-ла,
Қаранг, дастурхон тўлди.

Келин - қизим уйғониб,
Нур балқмоқда юзида .
Борингизга минг шукр ,
Дейди ҳар бир сўзида

Яхшиликдан бошладик,
Яна бир яхши кунни
Сиз ҳам зое кетказманг ,
Ортга қайтмас бугунни .

Обуна бўлинг t.me/abdusamad_city