Get Mystery Box with random crypto!

СОҚОЛИ ҲЎЛ БЎЛГУНЧА ЙИҒЛАДИ Исломнинг дастлабки даврлари мусу | Abdurashid domla ma'ruzalari

СОҚОЛИ ҲЎЛ БЎЛГУНЧА ЙИҒЛАДИ

Исломнинг дастлабки даврлари мусулмонлар учун жуда машаққатли бўлган.
Саҳобалар Ҳабашистонда – Абу Жаҳл бўлмаган, Валид ибн Муғиранинг овози эшитилмайдиган, Уқба ибн Абу Муайтнинг ҳукми ўтмайдиган жойда эдилар. Уларнинг ибодатларига тўсиқ бўладиганлар йўқ эди. “Бизнинг диёримизда сизлар нима қилиб юрибсизлар?” дейдиган кишилар ҳам йўқ эди. Аммо ғурбат ва ғариблик алами бор эди.
Орадан анча вақт ўтгач, аввалгисидан кўпроқ муҳожирлар гуруҳи Ҳабашистонга етиб келди. Буни эшитган маккаликлар талошланиб қолишди. Муҳожирларни ортларига қайтариб юборишни сўраб Ҳабашистон подшоҳи Нажоший олдига мушриклар вакиллари Амр ибн Ос ва Абдуллоҳ ибн Абу Рабиъа етиб келди (Ибн Ҳишом, 1/356).
Нажоший бу масалани ҳал қилиш учун мусулмонларни ёнига чақиртирди. Муҳожирлар номидан сўзга чиққан Жаъфар ибн Абу Толиб, аввало, Исломдан аввалги аҳволларини ва Исломнинг асосларини гапириб берди.
– Эй подшоҳ, бу одамлардан сўранг-чи: биз қочсак, таъқиб қилинадиган қулмизми? – деди.
Амр бу саволга:
– Йўқ, улар қул эмаслар, – деб жавоб берди.
– Яна сўранг-чи: бизнинг бирор айбимиз ёки жиноятимиз бормикин? Булар бизни жазолашни исташади, – деди.
– Йўқ, – деди.
– Яна сўранг-чи: бизнинг қарзимиз бормикин? Булар бизни ғиппа бўғиб олишни исташади, – деди.
Амр бу саволга:
– Йўқ, уларнинг биздан қарзлари йўқ, – деб жавоб қайтарди.
Шу пайт Нажоший Амр ибн Осга:
– Ундай бўлса, бу одамларнинг айби нима ва нима сабабдан уларни ортларига қайтаришни истайсиз? – деди.
– Улар бизнинг динимиздан воз кечдилар. Бутларимизни илоҳ сифатида қабул қилмадилар.
Нажоший қаноатланадиган даражадаги маълумотларга эга бўлган эди:
– Менинг адолатимга ишониб юртимдан бошпана сўраб келган кишиларни сизнинг ихтиёрингизга топшира олмайман. Кетишингиз мумкин, – деди (Ибн Ҳишом, 1/360).
Маккадан келганлар эртаси куни яна Нажошийнинг ҳузурига кириб:
– Бу одамлар Марям ва Исо тўғрисида ножўя сўзларни айтиб юришибди, – дейишди.
Муҳожирлар яна подшоҳнинг ҳузурига чақиртирилди. Яна Жаъфар сўзга чиқди. Марям сурасидаги ҳазрати Марям ва ҳазрати Исо тўғрисидаги оятларни тиловат қилди. Нажоший ва у ердаги одамлар соқоллари ҳўл бўлгунича йиғлашди. Нажоший ердан олган бир чўпни маккаликларга кўрсатиб:
– Аллоҳга қасам, ҳақиқий ҳазрати Исо билан бу одам ўқиган нарса орасида шу чўпчалик фарқ йўқ, – деди.
Нажойишнинг бу сўзи роҳибларга ёқмади. Аввалдан ҳазрати Исо алайҳиссалом тўғрисида уйдирилган сафсаталарга ишонмаганини очиқ-ойдин ва жасурлик билан баён қилган Нажошийнинг сўзларига қўшилмаганини минғирлаш орқали билдирмоқчи бўлганлар ҳам топила қолди.
Нажоший уларга қараб:
– Минғирласангиз ҳам, минғирламасангиз ҳам, ҳақиқат шудир, – деди ва буни илова қилди:
– Сизлардан бирингизга азият бериш эвазига бир тоғ олтин ваъда қилинса, асло уни қабул қилмайман. Марҳамат, менинг юртимда роҳат-фароғатда яшайверинг!..
Яна Амр ибн Ос ва Абдуллоҳ ибн Абу Робиъага қараб:
– Кетишингиз мумкин, – деди. Ва улар келтирган совғаларни қайтариб юборди (Ибн Ҳишом, 1/360).