Get Mystery Box with random crypto!

Замон тезлашмоқда, айрим янги одобларга ҳам эҳтиёж пайдо бўляп | Sarvarbek Abdupattoyev

Замон тезлашмоқда, айрим янги одобларга ҳам эҳтиёж пайдо бўляпти:

* Кимдандир пластик карта орқали қарз олсангиз, қайтаришда хизмат ҳақини ҳам қўшиб ўтказинг;

* Бошқаларнинг қанча ойлик олишини сўраманг. "Левалар борми ишда?" дея иржайманг;

* Кимгадир телефон қилганингизда иккинчи линиядан тушсангиз битта чақириқдан кейин алоқани узинг. У одамга Сиз қидирганингизни англаш учун шу кифоя. Узлуксиз чақириқларингиз билан суҳбатини хира қилманг;

* Телеграмдан (ёки бошқа ижтимоий тармоқдан) ёзилган саволга телеграмдан жавоб беринг, дарҳол телефон қилманг;

* Кимгадир қўнғироқ қилсангиз ва у томон жавоб бермаса, бир секунддан кейин ҳам жавоб бермайди. Қайта-қайта қўнғироқ қилаверманг. Умуман, жавоб бериш у томоннинг ҳуқуқи, зинҳор мажбурияти деб қараманг;

* Жума намози якунланганда дарҳол туриб одамлар орасида жайнамозингизни қоқманг;

* Кимдир бирорта суратни кўрсатиш учун телефонини берса, фақат ўша суратни кўриш билан чекланинг. Бармоғингиз билан кейингиларига ўтиб кетманг. Ҳаққингиз йўқ бунга;

* Ҳаддингиз сиғмаган одамга, яна жамоат орасида иккинчи хотин, оила масалаларида қочирим қилманг;

* Чорраҳаларда тўхтаб турилганда ёнингиздаги машинадагиларга олайиб қараманг. Ҳеч ким ҳақингизни еб кетмаяпти. Нафсиламбрини айтганда буткул қарамасангиз янада яхши. Чунки улов ҳам бировнинг мулки, унинг ичи кимнингдир хонадони мақомида;

* Кимдир телефонида нимадир қидираётган бўлса тикилиб турманг, бошқаларнинг мониторига рухсатсиз ва ўта заруратсиз қараманг;

* Умумий овқатланиш масканларида агар алоҳида хонада бўлмасангиз, айниқса атрофда аёллар ва болалар бўлганда сўзларингизни ҳам, овозингизни ҳам, кулгингизни ҳам назорат қилинг;

(Буларнинг қайсиларинидир бошқалар ҳам ёзган бўлиши, мен қайта эслаганлигим эҳтимоли бор. Шу боис муаллифлик ҳуқуқига даъвоим йўқ. Шунчаки кундалик ҳаётда оддий одобга озроқ ҳисса қўшиш нияти ётибди. Кузатишларингизга кўра ўз фикрларингиз билан тўлдирсангиз фақат хурсанд бўламан)

Abror Zohidov

@abdupattoyevsarvar