Get Mystery Box with random crypto!

БАХТ ОСТОНАСИ ( Дурдонахон қизимга) Яхшиларга кенг о | 🌹🌹ЗУҲРАХОН АБДУЛҲАКИМХОН ижоди 🌹🌹НАЗМ БЎСТОНИ🌹🌹



БАХТ ОСТОНАСИ

( Дурдонахон қизимга)

Яхшиларга кенг олам, саховатли бўл, қизим,
Аллоҳ ва расули(с.а.в) га итоатли бўл, қизим.
Ёр-ёр садоси билан кетяпсан бахт уйига,
Раббим дилингда бўлсин ибодатли бўл, қизим,
Икки дунёда бахтли, саодатли бўл, қизим!

Қизлар қадим қадимдан палахмоннинг тошидир,
Ҳар қадаминг гул бўлсин бу ҳаётинг бошидир,
Кўзларида онангнинг дарёли кўз ёшидир,
Мендан кўнглинг тўқ бўлсин ҳаловатли бўл, қизим,
Икки дунёда бахтли, саодатли бўл, қизим!

Улғайибсан бир пасда, сезмай қолдим жон қизим,
Асраб сени авайлаб ҳар хатардан, ёлғизим.
Сен кўкдаги порлаган танҳогина юлдузим,
Тош келганда кемиргин қаноатли бўл,қизим,
Икки дунёда бахтли, саодатли бўл, қизим!

Борган жойингда тош қот, аямагин меҳрингни,
Яқинларинг кўнглин ол, қўшиб озроқ сеҳрингни.
Доим яхши ном билан ёд этсинлар зикрингни,
Меҳрингни баробар қил, адолатли бўл, қизим,
Икки дунёда бахтли, саодатли бўл, қизим!

Мевали боғ яратгин, гулдир сенинг қўлларинг,
Ифори ширин бўлсин эккан ҳар бир гулларинг.
Қуёшдай порласанг гар нурли ҳаёт йўлларинг,
Оилангга, ёрингга садоқатли бўл, қизим,
Икки дунёда бахтли, саодатли бўл, қизим!

Розиман, то қиёмат берган ошу тузимдан,
Ибрат олгин сен менинг босган ҳар бир изимдан.
Ранжимагин, азизам, дилдан айтган сўзимдан,
Гўзал ҳаёт йўлингда фаросатли бўл, қизим,
Икки дунёда бахтли, саодатли бўл, қизим!


ЗУҲРАХОН АБДУЛҲАКИМХОН қизи

каналга уланиш
t.me/zuhraxon07