Get Mystery Box with random crypto!

СОҒИНЧ АЗОБИДА... Соғинч азобида ўтар умримиз, Армон зардоби | 🌹🌹ЗУҲРАХОН АБДУЛҲАКИМХОН ижоди 🌹🌹НАЗМ БЎСТОНИ🌹🌹

СОҒИНЧ АЗОБИДА...

Соғинч азобида ўтар умримиз,
Армон зардобини ютар умримиз.
Фироқ карвонида кетар умримиз,
Борар манзилимиз қаер азизим?

Оқар сувлар ортга қайтмайди, сира,
Юракдан ишқ ўти кетмайди сира.
Биров дардинг не деб айтмайди сира,
Руҳим истар бўлди тайр*, азизим.

Сочлар оқармоқда, толемиз кутиб,
Бас, маҳкам иккимиз қўлимиз тутиб,
Келгил, этайлик бор ғамни унутиб~
Кўнгил осмонига сайр, азизим.

Бунда шодон, яйраб кулгай муҳаббат,
Диллар бахтдан сармаст куйлагай, фақат
Бир кун ором топиб кетсакда абад,
Жоним, дема асло: "Хайр, азизим!"

Зуҳрахон АБДУЛҲАКИМХОН қизи

*тайр~парвоз

каналга уланиш
t.me/zuhraxon07