Get Mystery Box with random crypto!

ХАЙР, МАКТАБИМ (сўнгги қўнғироқ учун) Қани энди сабо бўлиб | 🌹🌹ЗУҲРАХОН АБДУЛҲАКИМХОН ижоди 🌹🌹НАЗМ БЎСТОНИ🌹🌹

ХАЙР, МАКТАБИМ

(сўнгги қўнғироқ учун)

Қани энди сабо бўлиб ўн йил ортга елсайдим,
Такрор сенинг томон шошиб, гул кўтариб келсайдим,
Болагим бунчалар тез ўтишини билсайдим,
Кўзга суртгум тупроғингни жонажоним, мактабим!

Бағрингда шод, яйраб ўсдим, ёшлигимни куйладим,
Билим олдим, устозлардан, китоб қўлдан қўймадим,
Дўстлар топдим, меҳрибонлар, дийдорига тўймадим,
Қалби қайноқ, онамдайин меҳрибоним, мактабим!

Чалинмасдан турсин бир оз, бугун сўнгги қўнғироқ,
Жон мактабим оғушингдан, асло кетгим йўқ йироқ,
Юракда зўр ҳис-ҳаяжон, вужудимда зўр титроқ,
Сен ягона менинг учун бор имконим, мактабим!

Ширин дамлар энди бир-бир, кўз олдимда жонланар,
Хотиралар ўчмас бўлиб юрагимдан жой олар,
Сабоқларга гувоҳ бўлган ўша синфхоналар,
ИЛМУ УРФОН - гул чаманзор, боғ бўстоним, мактабим!

Қучоғингдан палохмондек отиларман узоққа,
Энди қандай дош берар дил соғинч тўла фироққа,
Ёришолмас кўнгилгинам, умид ёққан чироққа,
Ўзингсанку шууримга нур жаҳоним, мактабим!

Ўтди қанча йиллар ҳатто, такрорланмас ушбу дам,
Чиройингга тўйиб олай, сўнгги лаҳза, кўзда нам,
Унутмагин мени асло, унутмасман сени ҳам,
Бир умрга хайр энди қадрдоним, мактабим!


Зуҳрахон АБДУЛҲАКИМХОН қизи

каналга уланиш
t.me/zuhraxon07