Get Mystery Box with random crypto!

ҚУРЪОННИ ИЛК БОР ОВОЗ ЧИҚАРИБ ЎҚИГАН ҚОРИ Абдуллоҳ ибн Масъу | Zamaxshariy O'quv Markazi

ҚУРЪОННИ ИЛК БОР ОВОЗ ЧИҚАРИБ ЎҚИГАН ҚОРИ

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг иттифоқдошлари бўлишига қарамай, уни ҳимоя қиладиган қариндошлари йўқ, устига-устак жуссаси кичик, нимжон киши эди. Лекин Абдуллоҳнинг шижоати олдида булар арзимас нарса эди.

Аҳмад саҳиҳ санад билан ривоят қилган.

Қурайш мушрикларининг мусулмонларга зуғуми кучайган бир паллада Ибн Масъуд ошкора даъватга ўтди, қурайшийлар йиғинига келиб, Қуръонни овоз чиқариб ўқиди. Аллоҳнинг Каломини уларнинг том битган қулоқлари остида янгратди, қулфланган қалбларини қоқди.

Ибн Исҳоқ - Урва ибн Зубайрдан - ривоят қилади: Маккада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Қуръонни овоз чиқариб ўқиган кишиларнинг биринчиси Абдуллоҳ ибн Масъуддир.

Бир куни саҳобалар йиғилишди.
- Аллоҳга қасамки, Қурайш аҳли Қуръонни эшитмади. Қуръон уларга ҳали овоз чиқариб ўқилгани йўқ. Орамизда уларга Қуръонни эшиттирадиган мард борми? - дейишди.
- Мен, - деди Абдуллоҳ ибн Масъуд.
Шунда саҳобалар:
- Сенга зарар етишидан қўрқамиз. Биз сени эмас, Қурайшдан ўзини ҳимоя қила оладиган бошқа одамни жўнатамиз, - дейишди.
- Бу ишни менга қўйиб беринглар. Албатта Аллоҳ мени ҳимоя қилади, - деди Ибн Масъуд қатъият билан.

Абдуллоҳ эрталаб Каъба пойидаги муборак мақоми Иброҳим тарафга йўл олди. Қурайш аҳли мажлис қуриб ўтирганди. Ибн Масъуд мақоми Иброҳимга қадам босаркан, овозини баланд кўтариб: "Бисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм. Ар-роҳмаан, алламал қуръаан..." дея уларга юзланди, Қуръон оятларини ўқишда давом этди.

Қурайш жамоаси бундан ажабланиб: "Ибн Умму Абд нима деяпти ўзи?" деб бир-бирларидан сўрай бошлашди. Кейин ўзларига келиб, ғазабнок ҳолда: "Ахир у Муҳаммад келтирган нарсани ўқияпти-ку!" дейишди. Сўнг ҳаммаси Ибн Масъудга ёпишиб калтаклай бошлашди. Ибн Масъуд Қуръон ўқишдан тўхтамади...

Абдуллоҳ ибн Масъуд юзи кўркарган ҳолда биродарлари ёнига қайтиб келди. Дўстлари уни кўриб:
- Биз шунақа бўлишидан қўрққандик! - дейишди.
Шунда ибн Масъуд:
- Шу пайтгача Қурайшдан ҳайиқардим. Энди мен учун Қурайшдан заифроғи йўқ. Хоҳласангиз, эртага эрталаб бориб, бугунги ишимни яна такрорлайман! - деди.
- Бас, шуниси етади. Ахир ўзлари хоҳламаган нарсани уларга эшиттирдинг-ку, - дейишди биродарлари.

"Қуръон - қалблар шифоси" китобидан.

@zamaxshariyuz